Сунъий интеллект соҳасидаги ғайриоддий лойиҳалардан бири эски компьютерлар даврини эслатувчи технологияни яна кун тартибига олиб чиқди. Дастурчи атиги 380 килобайт ҳажмдаги тил моделини яратди. У оддий дискетага сиғади ва 1980–1990-йилларда кенг тарқалган MS-DOS операцион тизимида ишлай олади.
TINY 2.1 деб номланган модель 367 мингта параметрдан ташкил топган бўлиб, 3500 та факт асосида ўқитилган. Унинг дастурий коди Turbo C 2.0 муҳитида ёзилган. Моделни ишга тушириш учун 540 килобайт хотира етарли. Қиёслаш учун, одатий 3,5 дюймли дискета 1,44 мегабайт маълумот сақлай олади.
Албатта, ушбу моделдан замонавий ChatGPT ёки Claude каби сунъий интеллект тизимлари даражасидаги натижаларни кутиш қийин. Унинг билимлари чекланган ва баъзан нотўғри маълумотларни ҳам ишонч билан тақдим этади. Масалан, китларни сутэмизувчилар деб тўғри аниқлаган бўлса-да, 17 ни 23 га кўпайтиришда хато қилган. Франция қироли ҳақидаги саволга эса «Антарс Ньютон» деган тарихда мавжудлиги тасдиқланмаган шахс номини келтирган.

