Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Валюта курси ўзгариши октябрь ойида инфляцион кутилмаларнинг асосий омили бўлди

26.11.2026 16:09

47

Тадбиркорларнинг коммунал хизматлар қимматлашиши билан боғлиқ хавотирлари кетма-кет бешинчи ой пасайди. Ушбу омилни инфляцияни кучайтирувчи асосий сабаб сифатида қайд этган респондентлар улуши 32 фоизга тушди. Ёқилғи ва энергия ресурслари нархи ошишидан хавотир билдирган тадбиркорлар улуши ҳам 45 фоизга камайди.

Октябрь ойида Ўзбекистонда аҳолининг йиллик инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан 0,4 фоиз бандга ошди. Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмаларига асосий таъсир кўрсатган омил валюта курси ўзгариши бўлди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.

Марказий банк аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида ўтказган анъанавий сўровнома натижаларига кўра, сентябрь ойида кескин пасайган аҳолининг йиллик инфляцион кутилмалари октябрда 9,1 фоизни ташкил этди.

Аҳоли орасида ёқилғи-энергия нархларининг ошиши билан боғлиқ хавотирлар кетма-кет учинчи ой пасайди. Ушбу омил инфляцияни кучайтириши мумкинлигидан хавотир билдирган респондентлар улуши 50 фоиздан 45 фоизга тушди.

Коммунал хизматлар қимматлашиши бўйича хавотирлар ўзгаришсиз қолиб, 38 фоизни ташкил этди. Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиши (30 фоиз), шунингдек, иш ҳақи ва пенсиялар миқдорининг кўтарилиши инфляцияга таъсиридан хавотир билдирганлар улуши ҳам камайди (25 фоиз).

Октябрь ойида аҳоли инфляцион кутилмаларининг асосий омили валюта курси ўзгариши бўлди. Бу омилдан хавотир билдирган респондентлар улуши 22 фоиздан 27 фоизга ошди.

Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари эса пасайишда давом этди. Октябрь ойида уларнинг кутилмалари ўтган ойга нисбатан 0,7 фоиз бандга камайиб, 8,5 фоизни ташкил этди.

Тадбиркорларнинг коммунал хизматлар қимматлашиши билан боғлиқ хавотирлари кетма-кет бешинчи ой пасайди. Ушбу омилни инфляцияни кучайтирувчи асосий сабаб сифатида қайд этган респондентлар улуши 32 фоизга тушди. Ёқилғи ва энергия ресурслари нархи ошишидан хавотир билдирган тадбиркорлар улуши ҳам 45 фоизга камайди.

Хомашё қимматлашиши ва солиқ юкининг юқорилиги бўйича ўтган ойда кескин ошган хавотирлар октябрда пасайди. Тадбиркорларнинг инфляцион кутилмаларига энг кучли таъсир кўрсатган омил ҳам валюта курси ўзгариши бўлди.

Соҳалар кесимида аҳоли орасида энг юқори инфляцион кутилмалар маиший хизматлар соҳасида (10,6 фоиз), энг паст кутилмалар эса талабалар орасида (7,6 фоиз) қайд этилди.

Тадбиркорлик субъектлари орасида юқори кутилмалар ҳунармандчилик ва ташиш хизматлари соҳалари вакилларида (10 фоиз), энг паст кутилмалар эса илм-фан ва таълим соҳаси вакилларида (7,5 фоиз) кузатилди.

Ҳудудлар кесимида аҳоли ва тадбиркорларнинг энг юқори инфляцион кутилмалари Тошкент шаҳрида — мос равишда 10,5 ва 10,1 фоизни ташкил этди. Энг паст кўрсаткичлар Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилди — аҳолида 7,9 фоиз, тадбиркорларда 6,5 фоиз.

Октябрь ойида даромади 2 миллион сўмгача ва 7 миллион сўмдан юқори бўлган аҳоли вакилларининг инфляцион кутилмалари нисбатан юқори шаклланди.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган