Ҳиндистоннинг энг камбағал штати ҳисобланган Бихарда маҳаллий депутат Анант Сингҳ қизининг тўйини мисли кўрилмаган миқёсда ташкил этди. Надван қишлоғида ўтказилган тўй маросимига 400 минг нафар меҳмон таклиф қилинган. Тантана нафақат меҳмонлар сони, балки тайёргарлик кўлами ва ғайриоддий тафсилотлари билан ҳам эътиборни тортди. Бу ҳақда The Times of India нашри хабар берди.
Депутат қизини турмушга узатиш маросимига штат аҳолиси, Ҳиндистоннинг турли ҳудудларидан амалдорлар ҳамда Покистондан меҳмонлар таклиф этилган. Меҳмонлар поезд, автобус ва шахсий автомобилларда етиб келган. Юқори мартабали меҳмонларни ташиш учун эса бир нечта вертолёт қўниш майдончаси барпо этилган.
Меҳмонларнинг ҳаддан ташқари кўплиги қишлоққа олиб борувчи автомобиль йўлида катта тирбандликни келтириб чиқарган. Айрим ҳайдовчилар машиналарини йўлда қолдириб, манзилга пиёда боришга мажбур бўлган.
Тўй тантаналари доирасида от пойгалари ҳам ташкил этилган. Бунинг учун яқин штатлардан махсус отлар олиб келинган. Мусобақани томоша қилишга келган айрим кишилар эса пойгани яхшироқ кўриш мақсадида электр узатиш тармоқлари устунларига чиқиб олган.
Меҳмонлар учун 150 дан ортиқ турдаги таом тайёрланган. Катта ошхонада ошпазлар кечаю кундуз ишлаган. Маълумотларга кўра, тўй дастурхони учун 2,5 миллионга яқин ширинлик ва Ҳиндистонда машҳур бўлган расгулла номли ширинликдан 5 миллион дона тайёрланган.

