Енгил саноат корхоналарининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини оширишга қаратилган Президент қарори қабул қилинди.
26 ноябрда қабул қилинган ПҚ–407-сон қарорга мувофиқ, 2026–2029 йилларда корхоналарнинг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва айланма маблағларини тўлдириш учун олинган кредитлар бўйича асосий қарзни қайтариш муддати 36 ойга узайтирилади. Шунингдек, кредит фоизларининг бир қисмини қоплаб бериш тизими жорий этилади.
2028 йил 1 январга қадар экспорт тушумини олиш муддати 365 кунгача узайтирилади. Ушбу даврда жарима қўлланилмайди ва экспорт операцияларини чеклаш чоралари кўрилмайди.
Қарорга кўра, пахта толасини қайта ишлаш қувватларига эга пахта-тўқимачилик кластерлари ва тўқимачилик корхоналарининг кредит қарздорликларини ундиришда ундирув харид қилинган пахта хомашёси ҳамда ундан ишлаб чиқарилган пахта толасига қаратилмайди.
Шунингдек, енгил саноат корхоналари ишлаб чиқариши учун зарур хомашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларни Ўзбекистонга олиб киришда божхона божидан озод қилиш бўйича аввал берилган имтиёзлар муддати 2030 йил 1 январга қадар узайтирилади.
Қарор билан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан ажратилган пахта кредитлари бўйича қарздорликларни тўлаш муддатлари ҳам ўзгартирилди.
Хусусан, 2022–2023 йиллар пахта ҳосили учун кредит қарздорлиги мавжуд бўлган ва фаолият юритаётган кластерларнинг 3,2 трлн сўмлик кредитлари 2028–2029 йилларда ойма-ой тенг улушларда қайтариш шарти билан узайтирилади.
2025 йил пахта ҳосили учун ажратилган 1,2 трлн сўм кредит қарздорлигини тўлаш муддати эса 2027 йил 1 мартга қадар тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан узайтирилади.

