2024–2026 йиллар давомида Хоразм вилоятида ўтказилган тендер савдоларида рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилишига оид жами 1 675 та ҳолат аниқланган. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси маълум қилди.
2026 йилнинг ўтган даврида бошланғич нархи 83,5 млрд сўмлик 322 та танлов савдосида рақобат қонунчилиги талаблари бузилгани қайд этилган.
Ўрганишлар давомида айрим савдоларда «Рақобат тўғрисида»ги Қонун талаблари бузилиши аломатлари, жумладан, савдоларни ўтказиш тартибини бузиш, иштирокчиларга имтиёзли шарт-шароитлар яратиш, аффилланганлик ва иштирокчилар таклифларини нотўғри баҳолаш ҳолатлари аниқланган.
Хусусан, «Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси» ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармасининг 1,2 млрд сўмдан ортиқ, «Хоразм давлат ўрмон хўжалиги»нинг 970 млн сўмдан ортиқ ҳамда «Хива шаҳар йўллардан фойдаланиш корхонаси» ДМнинг 930 млн сўмлик танловларида қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилган.
Шунингдек, сўнгги уч йил давомида ўтказилган ўрганишлар натижасида 60 нафарга яқин мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли тартибда суд органларига юборилган.

