Тирбандликда қолиб кетаётган Тошкент

Янги ўқув йили бошланиб, минглаб талаблар пойтахтга келиши, мактаб ва ўқув юртларига қатнов бошланиши билан пойтахт йўлларида катта тирбандликлар юзага кела бошлади.

Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бунинг сабабини кўчаларда енгил автомобиллар ҳамда йўналишсиз таксилар сонининг кўпайишига боғламоқда.

Ушбу расмий изоҳга ва умуман ҳолатга блогерлар турлича муносабат билдиришмоқда.

Davletovuz шундай ёзади:

«Жамоат транспортини нафақат ривожлантирмасдан, балки йиллар давомида борини ҳам абгор қилиб, йўловчилар учун ноқулай тизимга айлантириб, майли, эски даврни айблашнинг мавриди тугагандан сўнг янги айбдор — таксистларни айблашга ўтишибди. Бу безбетликнинг янги босқичи бўлса керак.

Албатта, Тошкентшаҳартрансхизмат ҳозирги ҳолатида ҳеч қачон пойтахт транспорт тизимини ўзгартирмайди, янгиламайди. Бу ўзимизни ўзимиз алдаш билан боғлиқдек. Бу компания бугуни билан яшайди. Бу гапни кеча ўқиш бошланган пайт бошқарувни эплолмай қолган метро учун ҳам айтса бўлади.

Жамоат транспортининг эгаси шаҳарликлар, шаҳар депутатлари ва шаҳар ҳокимлиги бўлиши керак. Тошкентга «генплан» керак, Тошкент жамоат транспортига стратегия керак. 50 та автобус сотиб олган билан бу тизим ислоҳ бўлиб қолмайди. Шаҳар жамоат транспортига хусусий сектор призмасида қарайдиган ҳоким ҳам буни тушунмайди. Ҳафтада ҳеч қурса бир кун жамоат транспортида юрмайдиган ҳоким ҳам, вазир ҳам буни тушунмайди. Тўлиқ тонировка қилинган, совуткичи тўхтовсиз ишлайдиган машинада юрадиган, муздеккина кабинетидан, муздеккина машинасидан қарайдиган ҳоким ҳам, вазир ҳам ташқаридаги вазиятни бошқача кўради.

Шаҳар жамоат транспорт тизимини ривожлантирмас эканмиз, яқин келажакда ҳокимларнинг машиналари ҳам тирбандликда қолади (балки ўшанда типирчилаб қолишар), аҳоли учун бўш майдонлар эса умуман тугайди, кварталлар, маҳаллаларда бугун аллақачон бунинг оқибатларини кўраяпмиз. Жамоат транспортини ривожлантириш учун эса велосипедни қайта кашф қилиш керак эмас. Юзлаб шаҳарлар аллақачон муваффақиятли амалиётга, тажрибага эга, холос. Бунинг учун озгина сиёсий хоҳиш, ақлли режалаштириш бўлса, бас».

Bloger Shahnozaнинг ёзишича, «эрталаб соат 7:30 да бирон иловадан такси топиб бўлмаяпти.  Болалар мактабга кеч қоляпти, ота-оналар асабий, йўллар тиқилинч, автобус камқатнов, метро узоқда… Пиёда ёки вилосипедда юрай десанг, йўлакнинг ўзи йўқ. Ҳали ёмғирли-қорли кунлар бошланмади. Шаҳар марказида 4-5 км радиусда ҳаракатланиш шунчалик қийин бўлиб қоляптики, Ойга учиш осонроқ бўлади бу кетишда. Қизиқ, наҳотки қаторлаштириб зичлаб уйлар қураётганда, жамоатчилик транспортидан фақат автобус ва метрони қолдириб, қолганини йўқотганда, ҳамма ёқни автомобиллаштириб масалани еча оламиз деб ўйлашган? Бу шаҳарда фақат автомобили бор одам амаллаб қимирлай оладиган аҳволга келяпти. Автомобилга ойлаб навбат туриб, йиллаб пулини тўлашга қурби ёки хоҳиши йўқлар нима қилсин, ишламасин, ўқимасинми? Зудлик билан аҳволни ўзгартириш, нимадир қилиш керак!»

Никита Макаренко эса, яқин икки ёки уч йил ичида аҳвол янада оғирлашиши қайд этади.

«Тирбандикларнинг сабаби — нўноқ шаҳарсозлик, ҳеч қандай бош режанинг йўқлиги, 70-йиллардагича фикрлаш даражаси: «яна битта кўприк — ҳаммаси изига тушиб кетади».

Автомобиллар сонининг кўпайишига шаҳардаги ҳолат ҳар томонлама ҳисса қўшади.

Дунёнинг ҳеч бир метрополиси автомобиллаштиришни қондириш орқали келажакни қура олмаган. Бу боши берк кўча. Бу ҳатто назарий жиҳатдан ҳам мумкин эмас. Кўчаларни кенгайтириш эмас, балки торайтириш керак. Кўприклар қурилмаслиги, балки бузиб ташланиши керак. Ўйлайманки, реал ҳаракатлар качонки кортежлар юра олмай қолгандагина бошланади. Унгача ҳеч нарса ўзгармайди. Бу икки ёки уч йил ичида содир бўлади», деб ёзади у.

Leave a comment

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan