«Толибон» ҳаракати етакчилари Афғонистон учун вақтинчалик қонун чиқариб, бошқарувнинг янги тизимини ўрнатди ва шу пайтгача қонунчиликда белгиланган учта расмий тилнинг иккитасини қолдирди, дея хабар бермоқда «РИА Новости».
«Асослар» деб номланувчи қонунда Афғонистоннинг расмий дини сифатида исломнинг суннийлик йўналишига оид бўлган ҳанафия мазҳаби, шунингдек, мамлакатдаги расмий тиллар сифатида пушту ва дари кўрсатилди. Бунгача Афғонистонда улар билан бир қаторда, шимолий вилоятлар аҳолисининг аксарияти гапирадиган ўзбек тили ҳам расмий мақомга эга эди. Бундан ташқари, мамлакатда шиалар ҳам кўп бўлиб, улар, асосан, хазарийлардан иборат.
Ҳужжатга мувофиқ, Афғонистонда ислом ҳуқуқшунослари кенгаши ва олий кенгаш ташкил этилиб, уларга ҳар бир вилоятдан сиёсий арбоблар, олимлар ва руҳонийлар киради.
Ижро ҳокимияти раҳбари деб президент эълон қилинади, у фуқаролар ва олий кенгаш аъзолари томонидан сайланади. Сайловларнинг шаффофлигини таъминлаш учун сайлов комиссияси тузилади. Аввалги ҳукуматда Афғонистон Миллий ассамблеяси вакиллари депутат дахлсизлигига эга бўлган бўлса, янги ҳукуматда улар бундай ҳуқуқдан маҳрум қилинади, дейилади қонунда.
Шунингдек, «британияликлар, россияликлар ва америкаликлардан озодликка эришилган кун» байрам деб эълон қилиниши ҳам таъкидланган.
Афғонистонда август ойи ўрталарида ҳокимият тепасига келган «Толибон» ҳаракати 7 сентябрда мамлакатда муваққат ҳукумат тузиб, унинг таркибини эълон қилди. БМТнинг Афғонистондаги миссияси «Толибон» ҳукуматидаги 33 нафар аъзоларнинг аксарияти, хусусан, бош вазир, унинг икки нафар ўринбосари ва ички ишлар вазирига халқаро санкциялар қўлланилганлигини қайд этган.