1200 сўм «не серёзний» эмасми ёхуд партия етакчилари пахта терганми?..

21 сентябрь ҳолатига кўра, жаҳон савдо бозорида бир тонна толанинг таннархи 2 минг 255 доллардан қимматроқ этиб белгиланди.

Ваҳоланки, бир тонна қўлда терилган пахта учун биринчи теримда 1,2 миллион сўм, иккинчи терим учун эса 1,5 млн сўм ҳақ тўланяпти.

Бир соғлом инсон пахта мўл-кўл бўлиб етилганда ҳам кунига 100 килограмм пахта йиғиб олса дўпписини осмонга отса арзийди. Бу тахминан 120 минг сўм бўлади. Ана боринг, ундан солиқ олинмаган тақдирда ҳам, ёки кунлигини кунлик бериб турилганида ҳам, агар теримчи далагача кира ҳақи тўламай келсаям ёнида қанча қолади? Албатта икки маҳал овқат ейишга мажбур.

Максимал тежаган тақдирда ҳам 100 килограмм терувчи деҳқонга 100 минг сўм қолади. Эгилган беллар ҳисоби, қадоқ бўлган қўллар ҳисобини бир четга чиқариб қўйсак ҳам бу оддий ўзбекнинг косаси яна оқармай қолавераяпти-ку.

Бир мавсумда 5 тонна терса ҳам 6 миллион сўм ё топади ё топмайди. Бу ақчага битта соғин сигир ҳам ололмайди…

BKW07X Cotton worker,Uzbekistan

Бир кило пахта толаси тахминан 24 мингга айланяпти. Майли неча килограмм пахтадан неча килограмм тола, қанча чигиту қанча қиммат ем олинишини математика қилиб ўтирмайлик.

Ваҳоланки оддий мардикор ҳам бугунги кунда икки маҳал овқатини берсангиз 100 минг сўмга ишлашга кўниши маҳол. Кўриб турганимиздай бу пулга бирор нарса орттириб олиш қийин. Аммо бошқа иш йўқ одам албатта пахта теримга чиқишга мажбур.

Бирдан 2000 сўм ёки 3000 сўмдан тўлаб қўйилаверса бўлмайдими?

Бўлади. Фақат кимнингдир чўнтагигига озроқ киради. Халқ эса ёпирилиб пахта даласига чопади. Бир мисқол ҳам далада қолмайди. Кўсакларни «уф-уф»лаб пиширишади керак бўлса. Йиғим-терим ҳам ҳокимбуваларга ортиқча юк бўлмайди. Бу кейинги йил мўл ҳосил олиш гарови ҳам ҳисобланади…

Гап шундаки, бугун давлат раҳбари мажбурий меҳнат бутунлай йўқ бўлгани ҳақида қанча кўп гапирмасин, меҳнатга ҳақ тўлашнинг адолатли бозор механизмлари яратилмас ва икки томоннинг ҳам фойда олиши ҳақида бормас экан, бу тизимни мукаммал ва кафолатли деб бўлмайди.

Биринчи ёмғир ёғиши ва совуқ тушиши билан ҳокимлар шошиб, хатога йўл қўйиб қўйиши мумкин. Тегишли комиссия раиси Танзила Норбоева эса бутун мамлакат далалари бўйлаб одам қўйиб назорат қилиб ўтиришга вақти ҳам, имкони ҳам йўқ. Албатта, халқ бойиса, ўша кимлардир ҳам бойишини афсуски улар ҳануз тушунишмаган кўринади. Балки, президентликка номзод бирор партия етакчиси ҳозирги қизғин сайлов даврида миллионлаб қоракўзларни ўйлаб бу ҳақда бонг уриб қолар. Афсуски, биринчи кунларда бу ҳақда ҳеч ким гапирмади. Сиёсий партиялар етакчиларининг пахта даласида этакда кўрармиз балки…

Leave a comment

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *