Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров Марказий Осиё – БМТ саммитини 2022 йилда ўз мамлакати ҳудудида ўтказишни таклиф қилди.
“2022 йил 2 мартда биз Қирғизистоннинг БМТга аъзо бўлиб кирганининг 30 йиллигини кенг нишонлаймиз. Ушбу шонли санани ҳисобга олиб, 2022 йилда Марказий Осиё – БМТ саммитини ўтказишни таклиф этамиз. Бу минтақада тараққиёт мақсадлари ва хавфсизлик истиқболларини қўшма режалар ва ўзаро ҳамкорлик асосида ривожлантиришга хизмат қилади”, дея таъкидлади БМТ Бош Ассамблеясининг 76-cессиясида Жапаров.
У саммитни Марказий Осиё давлатлари етакчилари навбатдаги Маслаҳат учрашуви муддатларида ўтказишни таклиф этди ва БМТ Бош котибини унда шахсан иштирок этишига умид билдирди.
Аммо ушбу тадбир қўшни мамлакатлар билан келишилганми йўқми, Марказий Осиё – БМТ деганда қандай формат назарда тутилаётганига тугал бир аниқлик киритилмаган.
Шу билан бирга С. Жапаров 2023-2025 йилларда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига ва 2027-2028 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгаши нодоимий аъзолигига илгари сураётганини ва барча аъзо давлатларни унинг давлатини қўллаб-қувватлашини сўради.
Қирғизлар етакчиси 2050 йилга бориб “углерод нейтраллиги”га эришишини, бунинг учун углеродсиз энергия манбаларини, биринчи галда гидроэлектрстанцияларини кўпроқ қуришини маълум қилди. ГЭС лойиҳалари Марказий Осиё мамлакатлари энергия эҳтиёжларини қондиришга, минтақанинг барқарор ривожланиши учун қулай шарт ва шароит яратишга хизмат қилишини билдирди.
Шу сабабли сув-энергетика мажмуасига Париж келишувлари руҳида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида хорижий инвесторларни сармоя киритишга чақирди.
Лекин мамлакатда нечта ГЭСлар қурилиши, бу лойиҳалар қуйи давлатларнинг сув энергетик балансини бузиб юбормайдими, деган саволларга ҳам очиқ қолмоқда.
Қирғизистон ГЭСларни кўпайтирмоқчими?..
Leave a comment