​​«Ўзметкомбинат»га қарашли корхонада кучли ёнғин юз бергани айтилган видео юзасидан расмий маълумот берилди

Оҳангаронда 13 сентябрь куни «Ўзметкомбинат» АЖга қарашли «Лида металл» корхонаси металл эритиш печида кучли ёнғин содир бўлиб, бир неча ходим жароҳат олгани тўғрисидаги хабар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Унда комбинат раҳбарияти ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисани яшириб, тегишли ҳисоботга киритмаган ва рўйхатга олмаганлиги билдирилган. Жароҳатланган ходимлар ҳам маъмурият тазйиқи билан шифохонага олиб борилмай уйида даволанмоқда, деган маълумотлар келтирилган. Комбинат ахборот хизмати маълум қилишича, ушбу ҳодиса аслида 11 сентябрь куни соат 01:15 да содир бўлган.

Печда эритилган металлнинг кимёвий таркибидаги углерод миқдори 0,93 фоизни ташкил этган ва бу ҳолатда кўзда тутилганидек, углерод миқдорини камайтириш учун печга кислород юборилган. «Видеода тасвирланган ҳолат технологик жараёнга киради ва мазкур ҳодисада тан жароҳати олган деб айтилган Нуриддин Ҳайдаров ва бошқа ишчилар аслида ҳеч қандай тан жароҳати олмаган ва шу куннинг ўзида ишларини давом эттирган ва бугунги кунда ҳам саломатлиги яхши», — деб таъкидланган «Ўзметкомбинат» хабарида.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ҳам воқеа айнан шундай бўлганини тасдиқлади. Смена технологи топшириғига асосан зудлик билан печдаги металлга кислород юборилган вақт суюқ металл ҳарорати белгиланган миқдордан кўпроқ бўлгани ва суюқ металл кислородга тўйинган бўлганли учун технологик қайт (виброс) содир бўлган. Қўмита хабарига кўра, ушбу маълумотга аниқлик киритиш мақсадида 22 сентябрь куни қўмита раисининг топшириғи бўйича «Лида металл» корхонасига борган Тошкент вилояти ҳудудий бошқарма бошлиғи воқеа гувоҳларидан тушунтириш хатлари ҳам олган.

Тушунтириш хатларида комбинат смена устаси ва печ атрофидаги ишчи ходимларга ҳеч қандай тан жароҳатлар етмагани, фақат смена устасининг қулоқ қисми иссиқлик таъсирида қизаргани ва 11 сентябрь куни улар ишини одатдаги ҳолатда давом эттиргани кўрсатилган. Ўрганиш натижасига кўра, технологик қайд натижасида корхонадаги инженер ва ишчи ходимларнинг соғлиғига ёки корхонага моддий зарар етказилмагани аниқланган.

«Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ходимлари томонидан содир бўлган ҳодиса технологик жараённинг бузилиши бўлиб, ўрганиш натижасига кўра тегишли чоралар кўрилади», — дейилади хабарда.

Leave a comment

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan