Аёлларнинг жамиятда хўрланиши – таназзулнинг бошланиши

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳга бирорта  биродари қиз фарзандли бўлгани ҳақида хабар келса: “Унга айтинглар, пайғамбаримиз қизларнинг оталари бўлганлар”, дер эдилар.  Лекин афсуски қиз фарзандга  паст назар билан қарайдиганлар ҳали ҳамон жамиятимизда бор.  Яқинда Самарқандда юз берган воқеа ҳам сўзимизнинг ёрқин исботидир. Узоқ йиллар давомида онага ўтказилган тазйиқ натижасида 16 ёшли қиз ўз жонига қасд қилган. Онанинг “айби” эса кетма-кет қиз фарзанд кўргани. У шу камчилик туфайли эрининг таҳқирланиши   етмагандек қайнонаси томонидан ҳам қийноққа дуч келган. Хўрликка, калтакларга журъати етмай, руҳан ва жисмонан азобланиб келган аёл қизининг вафотидан сўнг ўзини ўлдиради. Мана шу мавзу ҳақида ёзар эканман, сўнгги йилларда аёлларга нисбатан зўравонликлар кучайганлиги, эрта турмуш ҳолатларининг учраб туриши кун сайин кўпайиб бораётганига амин бўлдим. Юқори Чирчиқ туманида  ўзининг отаси томонидан зўрланиб, ҳомиладор бўлиб қолган қизнинг кейинги тақдири нима бўлади?  Ёки метрода фарзанди тенги қизалоққа ножўя ҳаракатлар қилган эркак ҳақидаги хабарлар… Биз қайси дунёда яшаяпмиз? Эркак ва аёллар тенг ҳуқуқли, биз мустақил ватанда озод инсонлармиз деймиз-у, лекин бу сўзлар амалда ўзининг тўлалигича тасдиғини топмаётганини яхши биламиз.

Эҳтимол қизлар ҳар хил муҳитда, ҳар хил шароитда улғайишлари мумкин, лекин уларни бир нарса доимо бирлаштириб туради: улар ўзларига ишона олмайди, чунки жамият, атрофдаги инсонларнинг ушбу дашномларини эшитиб улғаяди: “Қиз бола ўқиб шаҳар олиб берардими?”, “ Бу аёлларнинг иши эмас”, “Қиз боланинг уйи куёвни уйида”. Эҳтимол бу ким учундир оддий нарсадир, лекин қизларнинг ҳуқуқини ҳимоя қиладиган қатор ташкилотлар қани, қаерга қараяпти? Оддийгина қишлоқ қизларининг жажжи, орзуларга тўла юрагини ота-онасининг биргина қарори сўндириб юбормаяпдимикин?

Асосий қонунимизнинг 63 моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”, дея белгилаб қўйилган. Лекин бугунги кунда ушбу қонун тўлалигича амалга ошмаяпди. Бечора қизлар Олий Таълим Муассасига ҳужжат топширганда ҳам юрагини ҳовучлаб туради. Ё кирди, ёки ота онаси уларни турмушга бериш тараддудига тушади. Лекин ўқишга кира олмадим дегани мажбуран турмушга чиқади дегани эмас.

Оила қуриш-баъзиларнинг ўйлаганидек осон нарса эмас. Бу инсон ҳаётидаги энг масъулиятли ишлардандир. Кўпинча вилоятларни чекка ҳудудларида, қишлоқларда қизларни ўн олти, ҳатто ундан кичик ёшда турмушга узатиб юбориш ҳоллари учраб туради. Аммо бу кўп ҳолларда бўлғуси онанинг саломатлиги ва руҳиятига, қолаверса, ёш оиланинг мустаҳкамлиги, туғилажак фарзанднинг соғломлигига салбий таъсир кўрсатади.

Албатта, ҳар бир ота-она ўзининг фарзандини бахтли бўлишини хоҳлайди. Аммо яхши жой чиққанда узатиб олай, деган нотўғри қарорлар кўпгина салбий оқибатларга олиб келишини тушунмайди.

Мутахассислар томонидан қизларнинг 16-18 ёшларда она бўлиши жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлиги аниқланган. Кўп ҳолларда бундай ёшдаги қизларнинг соғлом фарзандни дунёга келтиришида турли муаммолар келиб чиқади. Қизларнинг жисмонан ва руҳан оналикка тайёр бўлмасдан оила қуриши кўпинча туғруқ жараёнида ўлим хавфи ортишига сабаб бўлади. Бинобарин, эрта ҳомиладорлик ёш она ҳамда бўлажак фарзанд учун ҳар томонлама хавфлидир.

Агар соғлом фарзанд туғилса, у нафақат ота-онанинг, балки миллатнинг умидидир.

Ҳурматли ота-оналар, агар қизингиз илм олиш тарафдори бўлса, сиз унга имконият яратиб беринг. Зеро, улуғлар айтади: ” Бир одамнинг ўғил ва қиз фарзанди бўлса-ю, иккисидан фақат биттасини ўқитишга қурби етса, қизини ўқитиши керак”. Сабаби ўғил боланинг ўқиши бир кишини ўқиши бўлса, аёл кишининг ўқиши эса бутун бир оиланинг, жамиятнинг илмли бўлишидир.

Ҳар бир эркакнинг ортида қайсидир фидойи аёл меҳнати бўлади. Аёлларни асранг. Чунки улар сизнинг онангиз ёки синглингиз, жуфти ҳалолингиз ёки қиз фарзандингиздир.

                                                                                               Муаллиф: Лайло Эсaнмуродова

Leave a comment

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *