Ўзбекистоннинг ягона ҳажв журнали «Муштум» фаолияти қайта тикланади

Миллий матбуот марказида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров яна бир журнал қайта тикланишини маълум қилди:

— «Ўзбекистон матбуоти» журналининг бугун қайта нашр этила бошлагани жуда яхши, лекин бизда яна бир журнал борки, у ҳам 2019 йилда иқтисодий қийинчиликлар сабаб ўз фаолиятини тугатишга мажбур бўлганди.

Маълумот учун, 103 йиллик тарихга эга бўлган, лекин орада тўхтаб қолган «Ўзбекистон матбуоти» журнали яна нашр этила бошланди. «Ўзбекистон матбуоти» журнали 1918 йилда «Туркистон матбаачиси» номи билан нашр қилинган ва Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон унинг асосчиларидан бири бўлган. Бу нашр Журналистлар ижодий уюшмаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Барқарор ривожланиш маркази ва «AQUA TRIO» МЖЧ ташаббуси билан қайта тикланди.

Юзлаб танқидий мақолалар, фелетонлар жамиятни турли иллатлардан тозалашда «Муштум»нинг асосий қуроли ҳисобланган. Ҳалол ва ошкора танқид жамият ва одамлар учун ҳақиқий малҳам бўлишига эришиш журналнинг бош мезонидир.

— Сизларга хурсандчилик билан айтмоқчиманки, бугун «Муштум» журналининг қайта тикланаётган илк сонини босмахонага топширдик. Насиб этса, яқин кунларда унинг ҳам тақдимотини ўтказамиз, – деди Ўсаров ўз нутқида.