ЕХҲТ ДИИҲБ сайловга тайёргарлик жараёнини юқори баҳолайди

ЕХҲТ ДИИҲБнинг Ўзбекистон президенти сайловини кузатиш миссияси 15 сентябрдан 5 октябргача бўлган давр учун оралиқ ҳисоботини эълон қилди.

Миссия аъзолари сайловлар янги демократик ва эркин Ўзбекистонни яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар шароитида ўтаётганини таъкидладилар.

Ҳар бир фуқаронинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган, хусусан, Ўзбекистонда фуқароларнинг хоҳиш-иродасини мустақил ифода этишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида олиб борилаётган жиддий ишлар қайд этилган.

Ҳисоботда сайлов кампаниясининг очиқлиги, ногиронлар ҳуқуқларининг таъминланиши ҳамда аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятлар яратилиши ижобий баҳоланган

ЕХҲТ ДИИҲБ ижобий ўзгаришлар ҳақида гапирганда, қуйидагиларга ўз эътиборини қаратди.

Биринчидан, тўсқинликсиз сайловолди ташвиқотини ўтказиш кафолатларининг кучайтирилиши. Масалан, илгари сиёсий партиялар электорат иштирокида оммавий тадбирлар ўтказишни маҳаллий ҳокимият органлари билан 30 кун олдин келишиб олишлари керак бўлган бўлса, энди бундай тадбирларни ўтказишдан камида 3 кун олдин давлат тузилмаларига хабар беришлари кифоя қилади.

Иккинчидан, сайловолди ташвиқоти пайтида давлат ходимларининг ҳар қандай сиёсий партия ёки номзод фойдасига ёки унга қарши ўз лавозимидан фойдаланишига нисбатан тақиқнинг жорий этилиши.

Учинчидан, сайловда иштирок этиш учун молиявий маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлиги. Энди партиялар сайлов кунигача МСКга оралиқ ҳисоботни ва уларга ажратилган давлат маблағлари тўғрисида якуний сайлов ҳисоботини тақдим этишлари шарт.

Тўртинчидан, сайловчиларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш кафолатларининг кучайтирилиши. Янги қонунчиликка кўра, фуқаролар сайлов комиссияларининг қарори юзасидан ўз шикоятлари билан судга мурожаат қилишлари мумкин. Илгари фуқаролар фақат юқори сайлов комиссияларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлишган. Бу низоларни кўриб чиқиш жараёнини кечиктирган.

Бешинчидан, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларининг кенгайтирилиши. Энди чет элдаги Ўзбекистон фуқаролари олдиндан консуллик рўйхатидан ўтмасдан овоз беришлари мумкин.