Биринчи Президент даврида Рустам Азимов мамлакатда кучли таъсирга эга катта амалдор бўлгани ҳаммамизга маълум. Аммо мамлакатдаги ҳокимият ўзгаришларидан кейин Рустам Азимов лавозимидан олиниб, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан у бошқарган тизим – молия ва иқтисод соҳаси қаттиқ танқид қилинган. Шундан кейин Рустам Азимов деярли кўринмай келаётган эди.
Расмий ОАВ ҳисобланган ЎзА ҳамда “Янги Ўзбекистон” газеталарида “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси” акционерлик жамияти бош директори вазифасида ишлаб келаётган Рустам Азимовнинг сўнгги беш йилда мамлакатда бўлаётган ўзгаришларни эътироф этиб чиқиш қилиши бежиз эмас ҳар ҳолда.
“Янги Ўзбекистон ислоҳотлари — тараққиёт ва халқ фаровонлиги йўлида” сарлавҳали мақолада “охирги 5 йилда давлатимизнинг янада ривожланиб, халқимиз тинчлик ва тотувликда, барқарорлик ва келажакка ишонч билан яшаётгани” эътироф этилади.
Рустам Азимовнинг таъкидлашича, “Шавкат Миромонович ўзларининг метин иродалари туфайли жуда тўғри ва доно қарор қабул қилдилар. Чунки, демократия бўлмаган давлатда ривожланиш бўлиши жуда қийин. Қўпол қилиб айтганда, бир қушнинг қанотларини кесиб ташласангиз, у учмайди. Демократия халқимизнинг қанотларни кенг ёйиб, парвоз қилишга, яъни ижодкорлик, ташаббускорлик ва янгиликка интилишга бўлган хусусиятларига кенг йўл очди.”
Ўзбекистон Ислом Каримов даврида ташқаридан қарз олиш масаласига жуда эҳтиёткорона ёндашгани маълум. Бу пайтда президент ёнида бош иқтисодчи сифатида Рустам Азимов турган эди.
Аммо бугунги мақоласида Рустам Азимов ташқи қарз масаласида бироз бошқачароқ фикр билдирган.
“…давлатимиз четдан қарз олишга мажбур. Олинган маблағлар энг катта тўсиқ бўлиб турган масалаларни, жумладан, халқимизни электр, газ ва ичимлик сув билан таъминлаш тизимини янгилашга, шунингдек, эски, бузилган йўл ва кўприкларни қайта таъмирлашга ҳамда янги йўлларни қуриш, таълим ва тиббиёт тизимларини яхшилаш ҳамда замонавий саноат корхоналарини қуришга ишлатилмоқда.
Тўғри, қарз ошмоқда, лекин шу билан бирга иқтисодиётимиз ҳам тез суръатлар билан ўсмоқда, ўсаётган иқтисодиёт эса, менинг фикримча, бу қарзларни ўз вақтида тўлашга тўлиқ имконият беради”, дея таъкидланади мақолада.
“…мавжуд ташқи ва ички таҳдидларни енгиш учун ҳаммамиз низо ва адоватлардан йироқ бўлиб, Президентимиз белгилаган стратегия ва ислоҳотларни амалга оширишда жипслашиб, бир тану бир жон бўлиб ишлашимиз керак”, деб ёзади мақола сўнгида Рустам Азимов.