Сен қачон яшайсан, қишлоқ аёли!

Аёлнинг жони қирқта бўлади дегани унинг қўлидан ҳамма иш келади дегани эмас. Ташвишларга бой бўлган рўзғоридан, фарзандларидан ортиб, кези келганда эркаклар билан дала-даштда тенгма-тенг меҳнат қилаётган қишлоқ аёлларининг жасоратини қандай баҳолаш мумкин? Мана шунда ҳам улар ўзининг ҳаётидан нолимайди, яшаётган ҳар бир куни учун шукрона айтиб келади.

«Аёлларнинг муаммоларига эътибор қаратиляпди, яхши турмуш кечириши учун шарт-шароит яратиб берилиш кўзда тутилган», дея айтилган қатор гапларни кўп эшитганмиз-у, бироқ бизга ҳар доимгидек берилган ваъдаларнинг амалдаги натижаси қизиқ.

Бугун қишлоқ аёлларига салгина кўрсатилаётган эътиборнинг ҳам кўпчилиги фотоҳисобот учун, тезлик билан ОАВда ёритиш учун бўлиб қолгандек гўё. Бир танишимнинг айтишича, яқинда ёлғиз яшайдиган бир аёлнинг қизига хотин-қизларни қўллаб қувватлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида тикув машинаси совға қилинибди. Қишлоқ аёллари содда эмасми, орадан бироз вақт ўтгач, барибир ишлатмаяпсизлар-ку, дея қайтариб олиб кетишибди. Қани бу ерда адолат?! Қани бу ерда инсонийлик?!

Офтоб қиздираётган далаларда меҳнат қилган аёлларга қимматбаҳо совғалар топширилди дея, бонг уришади-ю, лекин аёл ожиза, бундай меҳнатларга аслида турмуш ташвишлари, ҳаёт қийинчилиги, моддий етишмаслик мажбур қилаётганини яхши билишади.

Ҳар замонда электр чойнак, мақтов ёрлиғи ёки бўлмасам, 3-4 та тақир туқур бериб келиш билан қишлоқ аёлларинг ҳаёти ўзгарадими? Сиёсатдан узоқ, соддадил аёллар эҳтимол бахтни фарзандининг қорнини тўқлай олгани, сигир-қўйларига яхши қарай олгани деб ҳисоблайди. Тун-у кун газ, «свет», сув бўлмаган ҳолатларни кўриб, биз ривожланаётган давлатда яшаяпмизмикин деган гумонга ҳам бориб қолади одам. Нима бўлганда ҳам у инсон, у аёл. Бутун умр қўли таппи билан қавариб ўтмасдан мустақил мамлакатнинг мустақил инсони сифатида у ҳам фаровон ва осуда яшашга ҳақли!

Дарвоқе, бугун Халқаро қишлоқ аёллари куни!

БМТ Бош Ассамблеясининг 2007- йил 18-декабрдаги «Қишлоқ ҳудудларида аёлларнинг аҳволини яхшилаш» тўғрисидаги резолюсиясига асосан белгиланган. БМТ кўзлаган эзгу мақсадлар ўзбекнинг қишлоқ аёллари ҳаётида ҳам акс этишидан умидвормиз!

Муаллиф: Лайло Эсанмуродова