Талабалар фақатгина диплом учун ўқияптими?

Бугунги кунда мамлакатимизда 441,0 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади. Лекин кўпчилик талабалар олий таълим тизимидан нозори эканлиги ҳақида, баъзилари шунчаки диплом учун ўқиётганлиги ҳақида айтганига кўп гувоҳ бўлганман.

Хўш, Ўзбекистон Олий таълим тизими кўрсаткичи нега паст? Изласак, сабаблар бисёр, бизга эса ҳар доимгидек муаммонинг ечими керак.

“Республикамизда 131 та ОТМда бакалавриатда 134 та таълим йўналиши, магистратурада 147 та мутахассислик янгидан ташкил қилинган. Олий таълим тизимини 2030- йилгача ривожлантириш консепсиясида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2030- йилга қадар 50 фоизга етказиш белгиланган”, дейилган Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳисоботида.

Тўғри, сўнгги йиллар ичида қабул квоталарини ошаётгани, қўшимча факултетлар, қўшимча имтиёзлар ташкил этилаётгани қувончли ҳол, албатта. Бироқ бизда ҳали ҳам баъзи тизимлар монопол бўлиб давом этаётгани, ислоҳотлар эркин тарзда эмас, балки қарор қабул қилишда ҳам ким биландир маслаҳатлашиб иш кўриш бунга тўсқинлик қилаётган асосий омиллардан биридир.

Кўпчилик ёшларимиз онгида “Бизда ўқишга кириш қийин, ўқиш осон” деган тамойил шаклланиб қолган. Тўғри-да, ОТМ га кирмоқчи бўлган абитуриент қанча вақт тайёргарлик кўради? Аммо, талаба бўлиб олгач ўқишининг кўрсаткичи сезиларди даражада сустлашиб қолади. Хўш, бунга ким айбдор? Талабами ёки ўқитувчи? … Ҳар ҳолда “Қарс икки қўлдан чиқади” деган нақл ҳам бежизга айтилмаган бўлса керак?!


Талабалар ОТМ тизимига қандай муносабатда эканлигига ҳам қизиқиб кўрдик. Ушбу масала юзасидан бир талаба:
– ОТМлар қандайлигига қараб фарқланади, баъзи жойларда эски тизим ҳалигача сақланиб қолган, кераксиз фанлар, номутахассис ўқитувчилар, бошқа жойларда эса (асосан хусусий ОТМларда) креативлик, талабаларни 80 дақиқа маъруза тинглашга мажбур қилинмайди, 40 дақиқа дарс ўтилади, шу билан ҳамма ўзига керак нарсаларни олади. Бошқа нарсалар, шахсият, ўзи-ўзини мақташ “тема”лари бундай ОТМларда кўзга ташланмайди.
Давлат Олий таълимида эса, мажлисбозлик, тадбирхонлик, яна алламбалолар. Ишонинг, сиз ҳам, мен ҳам биринчи босқич пайтимизда тадбирлардан бўшамадик-ку, мажбурлаб тиқишди залларга.
“Жаҳон тажрибаси” деб оғиз йиртамиз-у, бироқ амалга келганда ўз фаросатимизча иш қилаверамиз, – дея таъкидлади.

ОТМда таҳсил олаётган яна бир талаба эса ўз фикрларини қуйидагича изоҳлаб ўтди:
– Олий таълим ўз номи билан олий даражада таълим бериш билан шуғулланувчи таълим тизимидир. Аммо, номи билан амали фарқли бу тизимда таълим иккинчи, учинчи, ….нчи ўринда қолиб кетгани бор гап. Бериладиган билимдан аввал “сиздан угина, биздан бугина” деб туриб олиб, тарбия, давомат, форма ва ҳоказолар ҳақида талаб қўядиган ОТМлари ўз-ўзидан талабадаги иштиёқни сўндириб юборади. Бугун мен тасаввур қиладиган олий таълим худди шундай – пул бўлса, чангалда шўрва қабилида иш кўрувчи, маънавият полициясига тўла бир тизимдир.

Юқоридаги фикрлар, ёшларимизнинг қарашлари эса гарчи тан олгимиз келмаса-да, бугунги кунда жамиятимизда, атрофимизда содир бўлаётган аччиқ ҳақиқатлардан биридир.

Аслида соҳа бўйича йўналтирилган таълимнинг кўп қисми Олий таълим муассасаларида берилишини яхши биламиз. Лекин шунчаки юзаки олинган билимлар келажакда асқотмаслиги эса маълум. Ҳозирги кунда шаклланиб бораётган бўлажак саводсиз ўқитувчилар, коррупсияхўр раҳбарлар орқали жамият таназзга юз тутиши турган гап. Бунга чек қўйиш эса ўзимизнинг қўлимизда!

Лайло Эсанмуродова