“Дарахтларга шафқатсизлик давом этмоқда, дарахт кесмасликка мораторий эса узайтирилаверади” сарлавҳали мақоламизга расмий муносабат

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан 15 октябрь куни “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар: кеча, бугун, эртага” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида Ogoh.uz интернет нашри журналисти томонидан Янгибозор тумани истироҳат боғида 28 туп дарахт кесилганлиги ҳамда август ойида арчалар кўчирилганлиги тўғрисида қилинган мурожаат юзасидан маълумот берилди.

Мазкур матбуот анжуманида кўтарилган масала бўйича Хоразм вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ишчи гуруҳи шакллантирилиб, Янгибозор туманида жойлашган истороҳат боғида ўрганиш ўтказилди.

Унда Янгибозор тумани “Янгиёп” маҳалласида жойлашган истироҳат боғи ҳудудида велосипед йўлакчаси барпо этиш мақсадида Янгибозор туман Ободонлаштириш бошқармаси томонидан ноқонуний равишда 13 туп гужум, 8 туп терак ва 7 туп айлант, жами 28 туп дарахтлар ноқонуний равишда кесилганлиги натижасида табиатга 32 млн. 940 минг сўм зарар етказилганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат бўйича Хоразм вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси давлат инспекторлари томонидан Янгибозор туман Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Эркаев Дониёр Маратовичга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 79 моддаси 1 қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, МЖтКнинг 245 моддаси 2 қисмига асосан мазмунан кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман судига юборилди.

Бундан ташқари, Янгибозор туман Ободонлаштириш бошқармаси томонидан Давлат хизматлари орқали мурожаат қилинган ҳолда экологлар рухсатномаси олинмасдан туриб, дарахтларнинг кўчириш даври бўлмаган, яъни август ойида ўзбошимчалик билан 6 та арча дарахти кўчирилгани аниқланди. Ўз вақтида агротехник тадбирлар ўтказилмаганлиги натижасида уларнинг 2 таси қуриб қолганлиги маълум бўлди. Ҳудудга масъул бўлган ходим С.Қодировга нисбатан МЖтКнинг 79 моддаси 1 қисмига асосан 1 млн. 350 минг сўм жарима ва 540 минг сўм табиатга етказилган зарар ҳисобланди.