Аслида бу мавзу ҳақида ёзмоқчи эмасдим-у, лекин бир воқеа сабаб бўлди. Яқинда қўшнимизнинг қизи катта ҳаёт остонасига қадам қўйиб, янги хонадонга келиб бўлиб тушди. Бироқ, орадан уч ойча вақт ўтгач, кўч-кўрони билан қайтиб келди. Бунга асосий сабаб эса келин қайнонаси хоҳлагандек мебел қилмагани ва ҳар куни қайнонаси шу баҳонани рўкач қилиб уни камситгани экан. Жудаям ачинарли ва кулгили-я?
Бундай ҳолатлар бугун жамиятимизда жудаям кўп учраётганини, оилавий низолар, ажримларнинг кўпчилиги шу нарсага бориб тақалаётганини инкор эта олмаймиз, албатта. Эҳтимол, халқ тили билан айтганда куёв ота-онасиниг «орзу-ҳаваси»дир. Бироқ «орзу-ҳаваси»ни келиннинг бўйнига ортадиган «эркак»ларнинг ҳали ҳамон борлиги таназзулга юзланаётганлигимизнинг ёрқин исботидир.
Статистикага қарайдиган бўлсак, жорий йилнинг январ-август ойларигача республика ҳудудида 25 687 та ажрим ҳолатлари қайд этилган. Бир қарашда бу кўрсатиш бизга оддий рақамдек кўриниши мумкин, лекин бунинг замирида нечта инсонларнинг ҳаёти бузилиб кетганини, нечтадир гўдаклар ота ё она меҳридан маҳрум етим бўлиб қолганлигини ифодалайди. Ажримларнинг асосий сабаби оилавий муаммолар, фарзандсизлик, эр-хотиннинг келишмовчилигидан келиб чиқади.
Ота-она имконияти доирасида фарзандини яхши улғайтиришга, яхши тарбия қилишга ҳақли, аммо бу қиз узатаётганда куёвнинг бўшатиб қўйган қўша-қўша уйини тўлдириб қўйиши шарт дегани эмас. Дабдабабозлик, исрофгарчилик, тўйни рўкач қилиб «тўёна» номи остида берилаётган порахўрликлар бизни илмсизлик ботқоғига тортмоқда. Инсонларни ўзи кашф қилган урф-одатлар ўзини тамом қилмоқда.
Афсус, бу одатларни хато эканлигини ҳали ҳам англолмаяпмиз. Агар мебел билан оилалар ростданам бахтли бўлиб кетганда, ҳаёт умуман бошқача бўлган бўларди. Энг аввало, сарпоси бўлмаса-да, келиннинг гўзал хулқига, тарбиясига эътибор қаратилса, бугун ўзбек хонадонларидан жиноятчилар, порахўрлар эмас, ал-Бухорийлар, Нақшбандийлар, Замахшарийлар улғаяверади.
Тўйлар қилиш, шодланиш, фарзандларинининг қувончли кунларини кўриш барчага насиб қилсин, аммо маънавий қиёфани йўқотиш, қарзларга ботиш, инфаркт, инсулт олиб, кимнидир бахциз қилиш эвазига эмас! Чунки ҳар нарса-да меъёр, чегара бўлгани яхши!
Лайло ЭСАНМУРОДОВА