Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида декан ўринбосари талаба қизни зўрламоқчи бўлди

Ижтимоий тармоқларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида декан ўринбосари талаба қизни зўрламоқчи бўлганилиги юзасидан хабарлар тарқалди.

Аниқланишича, Nemolchi.uz лойиҳасига мазкур университетнинг 3-курс талабаси (18 ёшли қиз) мурожаат қилиб, Зулфия номидаги давлат мукофотига ўз номзодини қўйиш учун тавсиянома олиш мақсадида келганда уни декан ўринбосари ўз хонасида зўрлашга урингани, сўнг қаршилик кўрсатгани учун деразадан итариб юборганини маълум қилган.

Шифокорларнинг таъкидлашича, қиз ўз вақтида шифохонага олиб борилганлиги сабаб жони омон қолган. Шунингдек, қизга тос суяги синиши, гематомалар ва мия чайқалиши каби ташхислар қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси (“Номусга тегиш”) ва 105-модда (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Айбланувчи Ю.Бга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Бундан аввал, мактабгача таълим тизми, умумий ўрта таълим тизими фаолиятлари билан боғлиқ муммолар ҳақида тўхталиб ўтган эдик. Лекин афсуски, олий таълим тизими ҳам мақтанарли даражада эмас. Бу ўқитувчи эҳтимол қилмиши учун жазо олар, бироқ гулдай қизнинг ҳаёти яна аввалгидек ҳолатига қайта оладими? Қиз Зулфияхоним издошлари сафида бўлиш учун интилаётган бир вақтда бундай ҳаракатлар унинг қалбидаги беғубор орзу-умидларини пароканда қилиб ташламайдими?
Устозлар изидан кетиш учун чоғланатган катта ҳаёт остонасида турган талабаларга ўқитувчининг намуна бўла оладиган иши шуми? Саволлар жудаям оғриқли…Нима деб жавоб беришни ҳам билмай қолади одам!

Бундан ташқари, қиз ўқийдиган факултет талабалари тўлиқ онлайн таълимга ўтказилган, бироқ ушбу қарорнинг сабаби очиқланмаган. Университет маъмуриятини бу ишни амалга оширишдан мақсади нима бўлган? Олийгоҳ номига путур етиб қолмаслидан қўрққаними ёки “ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолгани яхши” тамойилида тутилган йўлми?

Афсуски, ушбу воқеани бир неча кун ҳеч ким билмаган. Қаердан ҳам билсин, ёшлар етакчисидан тортиб гуруҳ раҳбарларигача ҳамма сайлов ишлари билан бўлиб турган бир пайтда?! Лекин сайлов ўтказилади дегани гуруҳ раҳбарлари ўз талабаларига бефарқ бўлиши керак дегани эмас!

Номусга тегиш… Сўнгги вақтларда деярли ҳар кун мана шу сўз қулоғимизга тез-тез чалиняпти. Бу шунчаки янграётган сўз эмас, бир инсон қадри топталганлигини, бир инсон ҳаётини барбод бўлганлигини ифодалайди.

Статистикага юзланадиган бўлсак,
номусга тегиш бўйича республика миқёсида судланганлар қуйидаги кўрсаткични ташкил қилади:

2021 йил I яримйиллиги доирасида судланганлар:


1) Тошкент вилояти – 15 та
2) Самарқанд вилояти – 9та
3) Жиззах вилояти ва Тошкент шаҳри – 7тадан.

2020 йилда кучли учталик:

1) Самарқанд вилояти – 27та,
2) Қашқадарё вилояти – 20та,
3) Тошкент вилояти – 19та.

2019 йилда энг кўпи Қорақалпоғистонда, 2018 йилда эса Самарқандда бўлган.

Эслатиб ўтамиз, қонунчиликка кўра номусга тегиш жинояти учун максимум 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Лайло Эсанмуродова