22 кун ичида Андижон ва Наманган аҳолисининг 1 кунлик истеъмолига тенг табиий газ ўғирланган

Энергетика вазирлиги томонидан октябрнинг дастлабки 22 куни давомида улгуржи истеъмолчиларнинг газдан фойдаланиш ҳолати ўрганилди.

22 кун давомида республикада жами 228 та газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган. Ортиқча сарф билан ишлатилган табиий газ 4 миллион 278 минг куб метрни ташкил қилмоқда. Таққослаш учун, бу миқдор билан Андижон ва Наманган вилоятининг жами аҳолисини бир кун тўлиқ газ билан таминлаш мумкин.

Ушбу ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи Наманган, Тошкент ва Хоразм вилоятларига тўғри келади.
Аниқланган ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.