Куни кеча «Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида декан ўринбосари талаба қизни зўрламоқчи бўлди» мавзусида хабар берган эдик.
Ҳозирда мазкур воқеа юзасидан Олий ва ўрта таълим вазирлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Бош Прократура, Ички ишлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўрганиш ва суриштирув ишларини олиб бормоқда.
Ушбу воқеа ижтимоий тармоқларда катта шов-шувларга сабаб бўлмоқда. Шунингдек, блогерлар ҳам ушбу ҳолат юзасидан фикрларини билдириб ўтмоқдалар. Хусусан, Зафарбек Солижонов ўз фикрларини қуйидагича баён этган: «Журналистиканинг (умуман инсонийликнинг ҳам) олтин қоидаси бу — тарафлар нечта бўлса, барчасига тенг миқдорда платформа бериш. Ҳамма келиб, ўз далил-ашёлари билан фикрларини билдирсин. Журналист тарафкашлик ва ҳиссиётлардан ҳоли материал тайёрласин. Хулосани ўқувчининг ўзи қилиб олаверади».
Бундан ташқари, кун.уз журналисти Аброр Зоҳидов ўзининг ижтимоий тармоқларда саҳифаларида қуйидагича изоҳ билдирган: «Бор хулосани ўша она-қизнинг сўзларига қараб қиляпман ва қатор саволларга жавоб топа олмаяпман:
- Нима учун воқеадан 10 кун ўтиб шов-шув кўтариляпти?
- Соат 15:45 да яъни куппа-кундуз куни чироқни ўчиришга сабаб борми?
- 3-қаватдан «итариб» юборилган қиз ерга келиб тушаркан, оғир жароҳат оларкан, замдекан шунча жойдан айланиб келиб яна ерга уриб ўлдиришга уринаркан-у, ҳеч ким кўрмасканми? Институтми бу ёки кимсасиз тоғ-у тошлар орасими?
- Қандай қилиб нархоздан южний ёнидаги институтга 8 минутда етиб келиб, замдеканнинг хонасини топиб бориш мумкин? Яна камида 20 минутлик масофада, энг пробка кўчалардан юриб?
- 8 минутда нархоздан етиб келган Робин Гуд замдекан шунча жойдан айланиб, 3-қаватдан тушиб келгунча, қизни ерга уриб ўлдиришга урингунча пастга тушмаганми? Ерга уриб ўлдиришга уринганда нега аралашмай турган?
- Замдекан хонасида зўравонлик қилган чоғда қизда кимгадир қўнғироқ қилиб чақириш имконияти бўлган экан, нега 102 га ёки шу атрофдаги бирор яқинига қўнғироқ қилмай, шунча масофадаги йигитга қўнғироқ қилган?
Хуллас саволлар кўп ўртоқлар, саволлар жуда кўўўп…»
Ушбу мавзу ҳали ҳануз турли фикрларга сабаб бўляпти, ҳамма нимадандир келиб чиқиб, ўзининг хулосасини баён этяпти. Кимдир айбни замдекандан, кимдир талаба қиздан қидиряпти… Хулоса қилишга шошилмасдан тегишли мутасаддилар томонидан аниқ исбот билан берилиши керак бўлган натижаларни кутамиз!…
Лайло Эсанмуродова