Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури кеча, 27 октябрь куни иқлим ўзгаришига қарши курашни қўллаб-қувватлаш мақсадида видеоролик эълон қилди. Видеода Фрэнки исмли динозавр БМТ Бош Ассамблеяси минбарига чиқиб, делегацияларга мурожаат қилиб, “баҳоналарни тўхтатинг ва ҳақиқатан ҳам муаммоларга қарши курашни бошланг”, дейди.
Динозавр углеводородлар учун давлат субсидиялари иқлим ўзгариши контекстида мантиқсиз эканини даъво қилган. Фрэнкининг сўзларига кўра, астероид унинг турлари вакилларининг йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлган.
“Одамларнинг қандай баҳоналари бор? Очиғини айтсам, сизда ҳозир ажойиб имконият бор. Сиз пандемиядан кейин иқтисодиётингизни тиклаяпсиз, бу инсоният учун ажойиб имконият. Менга шундай фикр келди: йўқ бўлиб кетишни танламанг, жуда кеч бўлмасдан ўз турингизни сақлаб қолинг! Одамлар баҳона ўйлашни тўхтатиб, ўзгаришларни амалга оширишни бошлашининг вақти келди”, деган динозавр.
Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тарихидаги биринчи компьютер графикасидан фойдаланилган фильм бўлиб, унга инглиз, испан ва француз тилларида овоз беришда таниқли актёрлар иштирок этган.
“Тасаввур қилинг-а, йирик метеоритларга субсидиялар учун юзлаб миллиардлаб маблағ сарфлаяпсиз. Сиз бугун шундай қиляпсиз. Шунчаки, ўйлаб кўринг, бундай пул билан яна нима қила олардингиз? Бутун дунёда одамлар қашшоқликда яшайдилар, сиз ўз турингизни йўқ қилишни молиялашдан кўра бундай одамларга ёрдам беришда кўпроқ маъно борлигини ўйлайсизми?”, деган Фрэнки.
Маълумот ўрнида, қисқа метражли фильм жорий йилнинг 31 октябридан 12 ноябригача Глазгода (Буюк Британия) бўлиб ўтадиган иқлим конференцияси арафасида эълон қилинди.