Олдинроқ, Москва Халқаро муносабатлар институтининг филиали очилганида, биз у ерда Россия манфаатларига хизмат қиладиган дипломатларни тайёрлаймизми, деган савол ўртага тушган эди.
Техника, молия ва иқтисод ёки бошқа сиёсат камроқ аралашадиган соҳаларда хорижий ўқув юртларини очишга ҳеч ким қарши эмас. Бугун билдимки, энди Россия кинематография институтининг филиали ҳам иш бошларкан. Нималар бўляпти ўзи? Ўзимиз махсус кино институти очишга қодир эмасмизми? Ана, илинган шаҳарда университет дегани бодроқдай очилиб ётибди-ку?
Бугун ишлаб турган санъат институтининг режиссёрлик ва актёрлик бўлимлари асосида янги институт очсак бўларди-ку? Ўзимизнинг кино муаллимларига ишонч шу қадар кам бўлса, ана, чақир чет элларнинг маълуму машҳур режиссёру операторларини — келиб камини тўлдириб ўқитсин.
Россиядан ҳам чақир, у ердаям яхши ижодкорлар бор. Лекин бутун бошли мафкуравий соҳа таълимини муайян бир хориж институтига бериб қўйиш миллат зиёлиларига беҳурматлик эмасми? Тўғри, Россия билан дўстлашиш керак, лекин мамлакатлар аро дўстлик тўлиқ маҳрамлик дегани эмас, бу дўстлик доимо миллат манфаатлари билан иҳоталаниб келган. Биз нима қиляпмиз — яна мутелик сари чекиняпмизми?
Аввал институти ва мактаблари келади, кейин атоми келади… кейин атомини қўриқлайдиган лашкари келади… Кейин-чи? Мамлакатнинг ўзи ҳам филиалга айланадими?