«Галочка»ни тўлдириб қўйиш учун қилинаётган ишлар чегараси борми?

Бугунги кунда нафақат пойтахтимизда, балки вилоятлардаги истироҳат боғларида махсус кутубхоналар, мураббийлар ва ўқувчилар учун хиёбонлар ташкил этилгани бир қарашда қувончли хабардек туйилади. Ушбу ишларга қанча маблағ, меҳнат сарф қилинмасин, бироқ ҳали ҳамон натижа сезилгани йўқ. Эҳтимол бизда кўп ишлар хўжакўрсин учун, кўзбўйламачилик учун, шунчаки дафтардаги «галочка»ни тўлдириб қўйиш учун қилинаётганидир.

Фарғона шаҳри марказидаги истироҳат боғида жойлашган «Бепул кутубхона» фаолияти йўлга қўйилганига анча вақт бўлган бўлса-да, ҳалигача бўм-бўш қаровсиз ҳолатда эканлиги ҳақида ёзмоқда Facebook фойдаланувчиларидан бири.

Бирор лойиҳа йўлга қўйиляпдими, жамият учун у қандай фойда бера олиши, самараси кутилгандек бўлишига алоҳида эътибор бериш керак, албатта. Юқорида таъкидланган шунчаки номига қурилиб, жойни банд қилиб турган кутубхоналарни назорат қилиш қийин бўлса, давлат бюджетидан фалон пул сарфлаб қилишининг нима кераги бор? Тантаналар, карнай-сурнайлар садоси остида алвон тасмаларни қирқиб, очилиш маросими ўтказиш-у, кейин уни ОАВда эълон қилиш билан кўзланган мақсадга эришиб бўлармиди?

Оммавий китобхонликни тарғиб қилишни аҳолининг энг ёш қатламидан бошлаш керак. Кутубхона очдик, энди билганингни қилавер қабилида эмас, балки масъул вакиллар томонидан ёшлар ўртасида ҳар ҳафта, кун ора китобхонликка тегишли бўлган акциялар, қизиқарли лойиҳалар ўтказиб турилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди назаримда.

Ҳақиқатдан ҳам ўқишга арзийдиган, юқори савияда ёзилган китоблар бор, бироқ мактаб ўқувчиси ёки оддий талабанинг чўнтаги кўтара олмайдиган нархда қиммат бўлганидан кейин улар қандай йўл тутиш жоиз?

Ғарб мамлакатларида биздан илмга бўлган эътибори билан, фикрлаш тарзининг юксаклиги билан анча устун эканлигини яхши биламиз. Яқинда ижтимоий тармоқларда айнан шу мавзуга алоқадор бўлган бир хабарни ўқиб қолдим. Ғарб мамлакатларида ташкил этилган кутубхоналарга одатда фуқароларнинг ўзлари китоб қўйиб, ўзлари олиб ўқишар экан. Мисол учун менга ўта зарур, бироқ ўзимда йўқ бўлган китоб бошқа инсонда бўлса, шунингдек, бошқа бировга керакли бўлган китоб менда бор бўлса, китобни алиштириб ўқиш фаолияти бурчакларни банд этиб турган кутубхоналар фаолиятини анча жонлантириб қўяр эди, шубҳасиз.

Аввало, ҳамма нарсада, бирлик, тенглик керак. Давлат ҳам, аҳоли вакиллари ҳам бир бир муаммога, ҳар бир ишга масъулиятни бирдек ҳис қилган ҳолда ёндаша олсагина, кутилган натижага яқин орада эришиш эҳтимоли юқори!

Лайло Эсанмуродова