Бугун, 3 ноябрь куни, Қашқадарё вилоят судида судланувчилар Э. Таджибаев (1990 йилда Фарғона вилоятида туғилган, Effect.uz интернет-нашри мухбири бўлиб ишлаган, ҳозирда Taftish.uz интернет-нашри мухбири бўлиб ишлайди), А. Нуримбетов (1982 йилда Навоий вилоятида туғилган, Effect.uz интернет-нашри мухбири бўлиб ишлайди), Х. Ахмедов (1987 йилда Фарғона вилоятида туғилган, Effect.uz интернет-нашри мухбири бўлиб ишлайди) ва Г. Худоярова (1977 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган, якка тартибдаги тадбиркор) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ушбу жиноят иши Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Н. Абдуллаев раислигида кўриб чиқилди.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра:
Э. Таджибаев Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, “г” бандлари, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди ва 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбсиз деб эътироф этилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 2-бандига асосан оқланди. Э. Таджибаев Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми ва 236-моддаси (тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) га асосан 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.
А. Нуримбетов Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандлари, 140-моддаси 3-қисми “а” банди ва 219-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбсиз деб эътироф этилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан оқланди. А. Нуримбетов Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми ва 236-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Х. Ахмедов Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб эътироф этилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан оқланди. Х. Ахмедов Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми ва 236-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан 2 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Г. Худоярова Жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб эътироф этилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан оқланди. Г. Худоярова Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Мазкур ҳукмдан норози тарафлар, ҳукм эълон қилинган кундан, маҳкумлар ва жабрланувчи ҳукм нусхаси топширилган кундан эътиборан Қашқадарё вилоят суди орқали Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига йигирма сутка ичида апелляция тартибида шикоят беришга, прокурор протест билдиришга ҳақлилиги маълум қилинади.