Фотоҳисобот учун қилинаётган ишлар якуни борми?

Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокимлиги ташаббуси билан «Chicken house» масъулияти чекланган жамияти томонидан 12 минг бош жўжа аҳоли вакилларига бепул тарқатилган. Жўжалар тумандаги оғир ҳудудга кирувчи 14 та маҳалладаги 200 дан ортиқ оилага бепул берилган. Бу ҳақда УзА маълум қилди.

Чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган, кам таъминланган аҳоли вакиллари учун биргина кўрсатилган эътиборнинг ўзидан ҳам боши кўкка етиши, шубҳасиз. Бироқ қачонгача аҳоли вакилларига бунақа ёлғон илтифот кўрсатиш давом этаверади?
Ахир орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан берилган жўжалар, ҳаттоки товуқлар ҳам ўлиб қолмоқда . Мисол учун, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида, шунингдек, Қашқадарё вилояти Китоб туманида ушбу ҳолат кузатилган. Ким билсин, яна қайси ҳудудларда бу ҳолат такрорланаётган бўлса. «Ҳар ҳолда қўлдан берганга қуш тўймас» деган нақл ҳам бежиз айтилмаган бўлса керак.

Одамларга 4-5 та жўжа бериб қўйиб, бирдан оммавий ахборот воситаларида ёритиб фотоҳисобот учун қилинган ишларни кимга ҳам кераги бор? Товуқ беришнинг ўрнига иш ўрни ярацин, одамларни касб билан банд қилсин. Нега мана шундай вазиятларда Мономарказлар сукут сақлаб қолади? Эҳтимол қайта тайёрлов ва касбга ўқитиш курсларини тарғиб қилганида кутилган натижага аллақачон эришиб бўлинармиди?

Қачонки олиб борилаётган ишлардан натижа бўлсагина, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши, доимий даромадини яхшилаши, оилавий тадбиркорлигини йўлга қўйиши учун хизмат қилади.

Лайло Эсанмуродова