Ҳамма ишлар Президент айтгандан сўнг бажариладиМИ?

Кеча Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларини чанг бўрони қоплади. Ўзгидромет бунга Урал тоғларидан учиб келган қумлар, дея изоҳ берди. Аслида масала бошқа ерда, яъни экология. Агарда бизда етарли даражада дарахтлар бўлганида бунчалик даражада тўзонни келтириб чиқармасди, ўсимлик дунёси уни ҳазм қилиб юборган бўларди.

Дарахтлар кесилиши, мораторийлар узайтирилиши, жарималар ва шунга ўхшаш экология билан боғлиқ хабарларни қайта-қайта берамиз, биз бехабарларимиз қанча.

Президент иштирокида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режасини маълум қилди. 2 ноябрдан 10 декабргача бўлган муддат дарахт экиш бўйича «долзарб 40 кунлик» деб эълон қилинди.

Шу ерга келиб бизда бир нечта саволлар туғилди:

• Экилаётган дарахтларнинг нави жойига, иқлимига тўғри келадими?
• Ўтқазилган дарахтлар то ўсиб кетгунича унга ким жавоб беради, суғориш ишларига қайси ташкилот масъул?
• Айни совуқлар бошланиб, қиш кирган вақт дарахт экиш мавсумига тўғри келяптими?
• Мазкур қирқ кунлик вақтда экиладиган дарахтларга бюджетдан қанча пул ажратилган?
• Ҳудудларга қандай турдаги дарахтлар экиш режалаштирилган?
• Дарахт кўчатлари қаердан олиняпти, етказиб берувчилар қандай танланмоқда?
• 10 сўмлик кўчат 30 сўмдан олинмаяптими, растрата ёки шунга ўхшаш қонун бузилиш ҳолатларини ким назорат қилади?


Мазкур саволларга жавоб олиш мақсадида Экоқўмита вакили билан боғландик. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот котиби Озод Ражабов бизга қуйидагича жавоб йўллади:

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини пухта тайёргарлик, аниқ маблағи, экиладиган ҳудуд эгаси, суғориш тизими билан амалга ошириш лозимлиги қатъий белгиланди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион тупдан ортиқ дарахт ва бута кўчатларини экиш кўзда тутилган.
Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятида – 16 миллион тупдан, Андижон, Бухоро, Наманган, Фарғонада – 15 миллион тупдан, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Сирдарё, Хоразмда – 14 миллион тупдан кўчат экилади.
Шу боис, биринчи навбатда, мавжуд ва янгидан барпо этиладиган яшил майдонларга туман ёки шаҳар ҳокимининг қарори билан масъул белгиланадиган бўлди. Улар дарахтларни парваришлаш билан бирга, ушбу ҳудудни обод сақлашга ҳам жавоб беради. Ободонлаштириш бўлимлари махсус техника билан таъминланади, зарур жойларда суғориш тармоқлари барпо этилади. Ушбу савобли ишда ҳар бир ташкилот, ҳар бир фуқаро ўз ўрнини топишига жиддий эътибор қаратилади.
Кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар уй-жой мулкдорларига яшил майдонлар барпо этиш учун бириктирилади ва у ерда қурилиш қилишга рухсат берилмайди. Муассасалар ҳовлиси, маҳаллалар, йўл ва дала четларига ҳам дарахтлар экилади.

Мутахассисларнинг тавсиясига асосан, ҳудудларда экиш учун 27 турдаги дарахт кўчатлари таклиф этилмоқда. Масалан, каштан, оққайин, эман, япон сафораси, шумтол, қайрағоч, павлония, терак, акация, чинор, тут, жийда, ёнғоқ, беҳи, узум, қрим қарағайи ва виргин арчаси бизнинг минтақамиз учун мосдир. Бунда ҳар бир вилоятнинг иқлими ва тупроқ таркиби инобатга олинади. Қайси ниҳол униб кетишига жиддий эътибор қаратилди.
Кўчатчиликни ривожлантириш, кам сув талаб қиладиган дарахт навларини кўпайтириш чоралари юзасидан белгиланган ишлар қанчалик сифатли адо этилиши ҳам Давлат экология қўмитаси масъулларининг зиммасида. Дарвоқе, экиш учун эколог-экспертлар томонидан тавсия этилган 27 турдаги дарахт кўчатларининг қайсилари қайси ҳудудга мос келиши олимлар хулосаси асосида ҳар бир туманнинг шарт-шароитини ҳисобга олган ҳолда танланади.

Давлат экология қўмитасининг daraxt2020.uz электрон платформаси барча вилоятларда ташкил этилаётган “Яшил макон” умуммилий лойиҳасини амалга ошириш штаби билан интеграция қилинади. Яъни, экилаётган дарахтлар ҳисоби онлайн тарзда юритилиб, шаффофлик таъминланади. Бу платформадаги такомиллаштириш ишлари ниҳоясига етиши билан ундан истаган киши фойдаланиши, киритилаётган маълумотлар билан уйида ўтириб танишиши мумкин бўлади.


Кишини ажаблантирадиган жиҳати шундаки, нега бу ишлар олдинроқ бажарилмади, аксинча иш тескарисига кетиб, ур-чоп, кеслар авжига чиқди, Президент айтгандан сўнггина ҳамма югур-чоп, эк қилиб қолди. Ҳали бунга боғлиқ маълумотлар тўлиғича очиқланмади ҳам.

Ўйлаймизки, масъул ташкилотлар мазкур топшириқ ижросини “қўлдан ўтар, эгасига етар” қилишмайди. Акс ҳолда ўзларига жабр, ахир бу ҳаводан биздн сўнг ҳам нафас олишлари керак.
Мана сиз ўйлаб кўринг, келажакда фарзандларингиз, борингки, невараларингиз Хитойдагилар каби тоза ҳавони ҳам пулга сотиб олишларини тасаввур қила оласизми? Ҳақиқат аччиқ-да, биз ҳозир дарахтларни кесиб, “соққа” қилаверсак, шу тақдир келажак авлод бошига тушмайдими?
Фикр қилинг!!!

Зайниддин Норқувватов