Ўзбекистоннинг амалдаги Конституциясига ўзгартиришлар киритилиши, яъни такомиллаштирилиши мумкин.
Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев лавозимига киришишга бағишланган тантанали маросимдаги нутқида шу ҳақида тўхталди.
“Барча номзодларнинг сайловолди учрашувларида электорат вакиллари томонидан бугунги кунда ҳаётнинг ўзи, ислоҳотларимиз мантиғи талаб этаётган яна бир муҳим таклиф илгари сурилди. У ҳам бўлса, мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишдан иборат” деди Шавкат Мирзиёев.
“Агар дунё тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, туб бурилиш даврида кўпгина давлатларда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилганини кўрамиз. Шу сабабли, аввало, сенатор ва депутатларимиз, кенг жамоатчилигимиз, халқимиз билан яна бир бор маслаҳат қилиб, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқишимиз керак”, дея қайд этди мамлакат раҳбари.
Бу кейинги беш йилликда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Конституциясига ўзгартиришлар киритилиши ёки Конституция бутунлай янгитдан қабул қилиниши мумкинлигини англатади.
Эслатиб ўтамиз, ҳозиргача Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 11 марта турли ўзгартириш, қўшимча ва тузатишлар киритилган (Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 24 апрель, 2007 йил 11 апрель, 2008 йил 25 декабрь, 2011 йил 18 апрель, 2011 йил 12 декабрь, 2014 йил 16 апрель, 2017 йил 6 апрель, 2017 йил 31 май, 2017 йил 29 август, 2018 йил 15 октябрь, 2021 йил 8 февралда қабул қилинган тегишли қонунлари асосида).