“Уйида чакса уни йўқ, томбошида қўш тандир” дейди халқимиз.
Оҳ, менинг доно халқим! Кўпни кўрган донишмандим!!!
Қани энди бу, худойим тўғри йўлга солгур айрим амалдорларимиз, сенинг мақолларинг мағзини чақиб, улардан хулоса чиқариб яшасаю юртимиз гулистонга айланса!..
Ўзбекистонда Зулфия опа қисматини ёритиб бергувчи яхши бир фильм ишланди. Элнинг эътибори қаратилди, дуолар қилинди. Мамлакатнинг ҳозирги ҳолида бир инсон қисматига шу эътиборнинг ўзи жуда катта яхшилик! Бу ишнинг яхшилик эканини айтдик, мана, яна айтяпмиз.
Тағин эътибор кўрсатмоқчи бўлсаларинг, отангизга боз раҳмат, деймиз. Лекин ҳар бир нарсанинг ўз ўрни, йўриғи, меъёри, усули бор, ахир! Одамларимиз топиб айтаётганидек, ана, ўша регионга керакли шифохонами, мактабми қуриб, опанинг номи билан атанглар!
“Менинг ота-онам “Зулфия шифохонаси”да даъволаниб чиқишди, шифохонамисан шифохона, дўхтирлари зўр! Барака топишсин! “Зулфия”га боринглар, “Зулфия”га!”,
ёки
“Менинг ўғлим “Зулфия”да ўқиди-да, ўшанчун институтларга кириб кетди. Ўқитувчиларига балли! Сиз ҳам қизингизни “Зулфия мактаби”га беринг, айланай!” дея эл-юрт гапирса, дуолар қилса, қанчалар яхши! Дуо Зулфия опа ва унинг ўғилларига борса, шифохонаю мактабдан келган фойда элга тегади. Ёки йўқми?!..
Яҳудийларнинг “пул топишдан олдин, уни сарфлашни ўрган!” деган бир мақоли бор.
Биз топган ёки қарз олган пулимизни ҳашаму тўйга, ҳайкалу бетон биноларга сарфлаб, келажак деган дарахтнинг илдизига болта уряпмиз, ҳа! 100 йил бурун шуни айтиб жадид боболаримиз куйиб-ёниб кетишганди.
Ҳозирда халқимизнинг асосий қисми ўртачадан ҳам пастроқ, яъни уйида чакса унсиз ҳолда кун кўраётган бир пайтда битта ҳайкалга халқнинг пулидан шунча маблағ (28 миллиард сўм-а !!!) ажратиш томбошига қўштандир ўрнатиш деганидир.
Халқ уйини, омборини унга тўлдириб қўйинг, кейин қўштандир нима бўпти, мингтандир қуринг, ярашади. Акс ҳолда…акс ҳолда, кўпчилик айтаётганидек, «пул ювиш операцияси» деган тамғадан қочиб қутилиб бўлмайди.