Ис газидан ўлим кўрсаткичи ҳамон ўзгармас бўлиб қолмоқда

Об-ҳаво ҳароратининг совиб бориши билан аҳолининг иситиш воситалариларига бўлган талабининг ортиши, шубҳасиз. Бироқ бу йилги куз-қиш мавсумида ҳам аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари давом этмоқда.

Йил бошидан октябр ойига қадар 96 киши ис газидан заҳарланиб вафот этган. Бу эса 96 та кишининг ҳаёти якунланганини англатади. Қўрқинчи рақам!

Айнан ис гази натижасида юзага келган фожиали воқеаларни эслайдиган бўлсак, 2021 йилнинг 27 феврал санасида Юнусобод туманидаги хонадонда ижара асосида яшаб келган 5 нафар андижонлик талабалар мурдаси топилган.

2021 йил 28 март куни Самарқанд шаҳрида ис газидан 5 киши заҳарланиб, улардан тўрт нафари вафот этган. Ачинарлиси, ҳалок бўлганлардан бири 2004 йилда туғилган вояга етмаган бола бўлган.

Жорий йилнинг 16-26 октябр оралиғида Самарқанд вилоятида тўртта ҳолатда 8 киши вафот этган. Мисол сифатида 30 октябр куни Самарқанд вилояти Ургут тумани Чумчуқли маҳалласида яшовчи аёл ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди ис гази натижасида вафот этган.

Мана шундай мудҳиш воқеалардан хабар топганда жабрланганларга ачинамиз. Эҳтимол улар ҳам ўзидан олдинроқ ҳалок бўлганларнинг аҳволини эшитиб биз каби ҳолатга тушган бўлиши мумкин. Бугун эса…

Қиш мавсуми яқинлашган сари ОАВларда, шунингдек, тегишли ходимлар томонидан иситиш тизимларида хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш кераклиги бот-бот такрорланади, бироқ биргина хабарга эътиборсиз бўлиш бугун кимнидир ҳаётига нуқта қўйишини ҳеч ким тасаввур қила олмайди.

Статистикага назар ташлайдиган бўлсак, дунёда ис газидан заҳарланиш туфайли содир бўладиган ўлим ҳолатлари алкоголдан заҳарланиш сабабли кузатиладиган ўлимлардан кейин иккинчи ўринда турар экан.
Ўтган 2020 йилда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудий филиаллари орқали 633 нафар бемор госпитализасия қилиниб, шундан 14 нафар беморда ўлим ҳолати кузатилган. Бу кўрсаткичга уйида, яъни воқеа жойида вафот этганлар сони киритилмаган.

Ис газидан заҳарланиш ҳолати бўйича ўлим ҳолатларининг кўпайиши қачон тўхтайди?! Бу саволга келганда аҳолини қўя туринг, масъул ходимларнинг ўзи ҳам ҳеч нарсани билмаслиги аниқ. Ҳали вояга етмасдан ўлиб кетаётган болаларнинг ёки бўлмаса бутун бошли оиланинг ҳалок бўлишида кимни айблашни ҳам билмаймиз. Аслида одамларда ҳам айб бор, лекин улар нима қилсин? Мажбурликдан таппи, кўмир ёқиб Бир кунини ўтказиб юрганлиги сир эмас.

Нима бўлганда ҳам барча фуқоролардан иситиш воситаларига бефарқ бўлмаслиги ҳақида огоҳлантириб ўтамиз. Зеро, “Ўзини асраганни Худо асрайди” деганлари ҳам бежиз эмас, албатта!

Аввалроқ, “Ҳайвонларга кўрсатилаётган қийноқларнинг чеки борми?”, сарлавҳали мақола эълон қилган эдик.

Лайло Эсанмуродова