Бизга Қува тумани Байналминал МФЙ профилактика инспектори лейтенант Нишонов Нозимжон Наврўзжон ўғли томонидан Қува туман ИИБ бошлиғи ўринбосари майор Аҳмаджоновнинг профилактика инспекторларига нисбатан ноқонуний ҳатти -ҳаракатлари юзасидан видеомурожат келиб тушди.
Унда айтилишича, майор Аҳмаджонов шахсий манфаатлари йўлида профилактика инспекторлари учун кунлик 55 минг сўмлик «солиқ» жорий қилган. Шунингдек, юз бош қорамол учун қураётган молхонасига керакли қурилиш материалларини профилактика инспекторлари зиммасига юклаган.
Лейтенант Нишоновнинг айтишича, майор Аҳмаджонов ҳар куни профилактика инспекторларига биттадан машинани жарима майдонига, бештадан машина учун жарима далолатномаси тузишни мажбурий режа қилиб берган (буни исботловчи аудио далил мавжуд). Бу режани бажара олмаган профилактика инспекторлари ярим кечасигача ушлаб турилган.
Майор Аҳмаджоновнинг бу ноқонуний ҳатти — ҳаракатларига, ходимларни доимий ҳақорат қилишларига на Қува туман ИИБ бошлиғи, на Қува туман ИИБ бошлиғи биринчи ўринбосари подполковник Фарҳод Исмоилов бирор чора кўришмаган.
Шунингдек, Қува туман ИИБ да ноқонуний равишда ички текширув ва тадбирлар ўтказиб келинган.
Майор Аҳмаджонов бир сафар туман ҳокими ўринбосари агроном Матмусаев Аброржонни калтаклаб ҳам ҳеч қандай жазосиз қолган.
Бу воқеа тармоқларда шов-шувга сабаб бўлган бўлса-да, жазосиз қолган майор Аҳмаджонов профилактика инспекторларига ўзига ҳеч ким ҳеч қандай чора кўра олмаслиги ҳақида гапирган.
Шахсий таркиб ходимлари бир неча марта майор Аҳмаджоновнинг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан туман ИИБ рахбариятига, вилоят ИИБ рахбариятига аноним тарзда мурожат қилишлари жавобсиз қолдирилган.
Лейтенант Нишонов видео мурожат сўнггида майор Аҳмаджоновнинг ҳаракатларига Ички Ишлар Вазири П.Бобожонов чора кўришини сўраб, сўзларининг исботи сифатида қўлида аудио ёзув борлигини таъкидлаб ўтган.
Умид қиламизки, муаммони олиб чиққан билан эмас, муаммо билан шуғулланилади, бу ҳолатга ИИВ жиддий эътибор қаратиб, агар мурожатда айтиб ўтилган важлар ўз тасдиғини топса майор Аҳмаджоновга тегишли чора кўрилади.