Куни кеча блогер Шуҳрат Эсановнинг You Tube каналида Олтиариқ туманида яшовчи Ҳамида Юсупованинг турмуш ўртоғи уни ва фарзандларини уйдан ҳайдаб юборганлиги, бирга яшаган даврларида эри муттасил гиёҳванд воситаларини истеъмол қилиб, жанжал чиқариши ва ўз қизларига тегажоқлик қилганлиги ҳақидаги видеохабар тарқалган.
Аёлнинг таъкидлашича, эри унинг танасига михларни суқиб олган пайтлари бўлган, қизига тегажоқлик қилиб, ҳаттоки, сочларини ҳам куйдириб олган пайтлари бўлган. Калтак еявериб, оғзида тишлари қолмагани ҳақида айтиб ўтган.
Фарғона вилояти ИИБ нинг хабар беришича, мазкур хабар ўрганилганда ҳақиқатдан ҳам Ҳамида Юсупованинг турмуш ўртоғи Усмонали Юсупов муқаддам маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса-да, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан вояга етмаган ўз қизини уриб тан жароҳати етказганлиги учун Олтиариқ тумани ИИБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексинининг 109- моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган иш жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман суди томонидан кўриб чиқилиб, унга нисбатан тегишли жазо тайинланганлиги аниқланган.
Вилоят ИИБ ахборот хизматининг ушбу ҳолат юзасидан билдирган муносабатида Усмонали Юсупов ўз уйида гиёҳвандлик воситаларини етиштирганлиги ёки истеъмол қилганлиги, ўз қизларига нисбатан тегажоқлик қилганлиги юзасидан ички ишлар органларига бирор бир мурожаат келиб тушмаган. Шу сабабли хабарга келтирилган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида терговга қадар текширув ҳаракатларига киришилган. Якунига кўра, қонуний қарор қабул қилинади.
Шунингдек, видеохабарда ички ишлар органлари билан боғлиқ келтирилган ҳолат юзасидан вилоят ИИБ томонидан хизмат текшируви тайёрланган. Мазкур ҳолат Фарғона вилояти прокрори ҳамда ИИБ томонидан алоҳида назоратга олинган.
Умид қиламизки, тез орада ушбу масала ижобий томонга ҳал бўлади. Афсуски, мазкур масалани кўтариб чиққан блогер аёл ва қизнинг мурожаати шахсий ҳаётига боғлиқ бўлганини, маълумотлар сир сақланиши кераклигини, ошкоралик ҳали вояга етмаган қизнинг келажагига салбий таъсир кўрсатиши мумкин эканлигини инобатга олмаган ҳолда видеони ижтимоий тармоқларда жойлаган. Нима бўлган тақдирдаям бу касбий доирадан ҳам, инсонийлик ҳижатидан ҳам тўғри келмайди. Охирги вақтларда оилавий низолар, аёлларнинг калтакланиши, ҳатто аёллар ўз эрини калтаклагани ҳақида хабарлар тез тез учраётгани ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда. Мана шундай ҳодисалар давом этаверса, жамият таназзулга юз тутиши, шубҳасиз!
Мавзуга доир, аввалроқ, «Тошкент вилоятида 15 ёшли қиз отаси томонидан ҳомиладор бўлиб қолганлиги айтилмоқда» сарлавҳаси остида хабар берган эдик.