Ижтимоий тармоқларда собиқ ИИБ ходимининг вазир Пўлат Бобожоновга юборган видеомурожаати тарқалгани тўғрисида хабар берилганди.
Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов бунга муносабат билдириб, Қува тумани ИИБ раҳбариятининг ноқонуний ҳаракатлари бўйича тарқатилаётган важлар ўрнатилган тартибда текширилиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилди. Фарғона вилояти ИИБнинг маълум қилишича, мазкур мурожаат ўрганиб чиқилган.
Вилоят ИИБнинг расмий баёнотида қайд этилишича, мурожаатчи Нозимжон муқаддам ички ишлар органларида ишлаб, хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашгани, сурункали равишда хизмат интизомини бузиб, ички ишлар органлари ходимларига номуносиб хатти-ҳаракатлар содир этгани учун салбий сабабларга кўра, 2021 йилда ички ишлар органларидан бўшатилган.
Шунингдек, маълум қилинишича, собиқ ходимнинг видеомурожаатидаги ИИО ходимлари билан боғлиқ келтирилган ҳолатлар юзасидан вилоят ИИБ тегишли хизматлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.