«Марҳум» прокурор ва нотариусни обрўсизлантирган(миш)?

Миш-миш руҳидаги номдан таажжубга тушманг: ЖИБ Чироқчи туман судияси Ўктам Расулов ўз раислигида айни шу масаладаги ишни кўриб чиқмоқда.


Суд мажлисида айтилишича, ўзининг тирик эканини исботлашга уринишлари ортидан «Менинг юртим» телеканалидаги «Марказий студия» кўрсатувида чиқиш қилган Анвар Жавҳаров, ўзининг «ўлик» эканлигини далолатловчи ҳужжатга асосланиб, номидаги уйни олди-сотди ҳужжатларини расмийлаштирган нотариус «Р.Ў.га нисбатан Қарши шаҳар прокурори А.Ҳ. ҳеч қандай чора кўрмаяпти, улар бир-бирига қуда», дея маълумотларни келтирган. Ушбу маълумот бир-бирига аслида ҳеч бир тарзда қариндошлиги бўлмаган нотариус ва прокурор шаънини топтаб, обрўсизлантирган.


Қарши шаҳар 2-сонли ИИБ тергов бўлими терговчиси Анвар Жавҳаровни Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми «г» банди (Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш) билан айблаган ва, унинг таъбирича, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда ушбу туҳматни амалга оширган. Табиийки, судланувчи Жавҳаров судда буни тамоман рад қилган.


Анвар Жавҳаров судда сўз оларкан: «Мен фақат ва фақат ўзимнинг тириклигимни исботлашга, ҳақ-ҳуқуқларимни поймол қилганларга чора кўрилишига уринганман», — дейди.
Судланувчининг сўзларига кўра, унинг аёли уйни сотиш учун эрининг номидан сохта ишончнома тайёрлаган. Ишончномадаги имзонинг сохта эканини даъво қилётган судланувчига кўра, бундан мақсад уйни тасарруф қилиш бўлган.

Фото: Daryo.uz

Маълум бўлишича, 1965 йил Қарши шаҳрида туғилган Анвар Жавҳаров шаҳар Мудофаа ишлари бўлимида юритилган ҳисоб карточкасининг қўшимча маълумотлар бандида 1998 йил 23 июнь куни вафот этган дея ёзилган. Бу маълумот бўлимга 2008 йил 30 июнь кундаги 751-кирим рақамли ҳужжат асос бўлган. Жавҳаровнинг айтишича, унинг ўлими ҳақидаги ҳужжат ва аёлининг сохта ишончнома тайёрлаши оқибатида кейинчалик у боридан айрилган.


Суд мажлиси ҳозирча номаълум муддатга маслаҳат учун танаффус эълон қилади.
Аввалроқ Effect.uz интернет нашри ходимларига суд ҳукми ўқилганди. Бундан ташқари, Светлана Ортиқова «суд-ҳуқуқ тизимида қийноқ қўлланилмайдиган давлат йўқ» дея баёнот қилгани ҳақида хабар берган эдик