Бугун мамлакатимизнинг ривожланаётгани, жаҳон минбарларида номи қайд этилиб, нуфузи ошиб бораётгани ҳақида қайта-қайта бонг урамиз-у, бироқ нега чет элга миллионлаб ўзбеклар чиқиб кетаётганини, мусофир юртларда машаққат билан ишлаб юрганини эсламаймиз.
Муҳожирларнинг ҳаммасининг мақсади, юрагидан доимий айланаётган сўзи бир: «Ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Ишлаб кўп пул топиб келганимдан кейин, уй қураман, машина оламан, фарзандларимни тўйини қиламан, халққа ош бераман».
Ачинарлиси, эса кўпчилик қишлоқ болалари келажакда ўқиб, яхши соҳани эгаллашни эмас, балки мактабни битириши билан Россияга бориб ишлашни режа қилашади.
Хўш, ушбу ҳолатда ким айбдор? Порахўрлик, маҳаллийчилик, таниш-билишчилик, илмга эътибор сусайиб кетаётган вақтда биз яна нимани кутишимиз мумкин?
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигинининг маълум қилишича, 2021 йилнинг ўн ойлигида 361 нафар хорижда вафот этган фуқароларнинг жасади олиб келинган. Лекин бу рақамлардаги инсонларнинг ҳеч бири чет элга вафот этиш кетмаганини, ҳаёт қийинчиликлари мажбур қилиб қўйганини яхши биламиз. Эҳтимол, ушбу рақамлар кимгадир шунчаки оддий сондай кўриниши мумкин, бироқ бунда кимнингдир отаси, кимнингдир фарзанди, кимнингдир турмуш ўртоғи, акаси ё укасининг ҳаёти бутунлай якун топганини англатади.
Бундан ташқари, РИА Новостининг берган маълумотларига кўра, жорий йилнинг апрел ойида Ўзбекистондан 332 минг, Тожикистондан 247 минг, Украинадан 152 минг, Озарбойжондан 120 минг, Қирғизистондан 115 минг, Арманистондан 61 минг, Молдовадан 56 минг ва Қозоғистондан 49 минг ноқонуний муҳожирлар Россия ҳудудида фаолият кўрсатган. Афсуски, шунда ҳам энг кўп кўрсаткични Ўзбекистон ташкил этмоқда.
Аввало, одамлар ўзлари ҳунар ўрганса, завод-фабрикалар кўпайса, мигрантларнинг чет эла чиқиш ҳолатлари бироз камаяр эди менинг назаримда. Бизда эса ҳали ҳамон тўйлардаги исрофгарчиликлар, дабдабалар давом этар экан, четга чиқиш ҳолатлари давом этаверади. Шунингдек, тегишли идоралар томонидан хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган мигрантларга кенг миқёсда ҳуқуқий ёрдам кўрсатилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Лайло Эсанмуродова