​​Ўзбекистонда доллар курси 2022 йилда яна кўтарилиши мумкин

Ўзбекистоннинг «2022 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси ва 2022 йил учун бюджетнома бўйича Ҳисоб палатасининг хулосаси эълон қилинди.

Маълум қилинишича, қонун лойиҳаси ва 2022 йил учун бюджетнома мамлакатни келгуси даврда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларига мувофиқ ишлаб чиқилган ва сўнгги беш йилда амалга оширилаётган ислоҳотларни тизимли давом эттиришга қаратилган.

Жумладан, 2022 йил учун давлат бюджети лойиҳасини шакллантириш жараёнида бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун талаб этиладиган маблағлар миқдори ва мақсадли индикаторлар белгиланган. Бунда, давлат бюджети ҳисобидан ривожлантириш дастурлари мавжуд бўлмаган айрим вазирлик ва идораларнинг мақсадли индикаторлари уларнинг стратегик мақсадларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилган.

2022 йил учун давлат бюджети даромадлари давлат солиқ идоралари бўйича 145,7 триллион сўмни (ЯИМга нисбатан 17,3 фоиз), давлат божхона идоралари бўйича 39,8 триллион сўмни (4,8 фоиз) ва Молия вазирлиги тушумлари бўйича 7,5 триллион сўмни (0,9 фоиз) ташкил қилмоқда. 2022 йил учун давлат бюджети даромадларини прогнози бюджет даромадларига сезиларли таъсир кўрсатувчи нарх ва валюта курсларининг ўртача миқдорлари асосида ҳисоб-китоб қилинган.

Жумладан, прогнозларда валюта курсидаги (1 АҚШ долларининг ўртача йиллик суммаси – 11 321 сўм), стратегик маҳсулотларнинг нархлари (1 троя унция олтин нархи — 1 700 доллар, кумушнинг нархи — 25 доллар, миснинг 1 тоннасига — 8 500 доллар, 1000 метр куб табиий газнинг экспорт нархи – 100 доллар) кутилаётган ўзгаришлар инобатга олинган.