Жорий йилнинг 16 ноябр куни Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига, 17-18 ноябр кунлари республиканинг барча ҳудудига Волга бўйи орқали Россиянинг Европа ҳудуди (Москва вилояти) устида шаклланган нам ва совуқ ҳаво массаси кириб келади. Бу ҳақда Ўзгидромет маълум қилди.
Хабарда айтилишича, 16-17 ноябрда республика бўйича шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, баъзида 25-28 м/с гача кучайиши мумкин, баъзи жойларда чангли бўрон бўлади.
16 ноябрда Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида, 17 ноябрда Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир, қорга айланади) бўлади, 17-18 ноябрда тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) баъзи жойларда кучли бўлади.
Республика бўйича ҳарорат кескин пасайиши кутилмоқда. 16-17 ноябрда шимолда, 17-18 ноябрда Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида ҳарорат кечалари 5-8° совуқгача, кундуз кунлари 0-3° илиқгача, шимолда кечалари 12-15° совуқгача, кундуз кунлари 0-3° совуқгача пасаяди.