Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг телеграм каналида маълум қилинишича, Бувайда туман Суд раиси Ботир Мўминов бошчилигида бугун йўл четидаги бўш жойларга арча кўчатлари экилибди.
Тўғри, бу қайсидир маънода яхши иш бўлиши мумкин. Бироқ ҳали кўчат янги муҳитга мослашиб олмасдан, орадан бироз вақт ўтгач, у униб чиқиши даргумон бўлиб турган вақтда раиснинг кўчат ушлаган расмлари ОАВларда ёритилиб, оммага жар солинмоқда. Айнан ушбу ҳолат фақатгина суд раиси фаолиятида эмас, балки кўпчилик раҳбарлар, ташкилотлар томонидан амалга оширилмоқда. Шу ўринда савол туғилади, шубҳасиз. Раҳбарлар ўзининг иссиққина хонасида ўтирган бир пайтда совуқ об-ҳаво бўлишига қарамасдан кечани кеча демай, кундузни кундуз демай ишлаётган ободонлаштириш ходимларининг ишларини ким эътироф этади? Улар фақатгина кўчат экибгина қолмасдан, ер юмшатади, бошқа ўсимликлар экади, чиқиндиларни йиғади, одамлар расво қилиб кетган кўчаларни лом-лим демасдан супуради. Нима учун уларнинг меҳнати кўзга кўринмаслиги керак?
Яқинда блогер Зафарбек Солижоновнинг телеграм каналида «– Дарахтни экиш мажбурияти сеники, Пиари ҳаммамизники, ҳурмат билан катталар,» деган расм эълон қилинган эди. Ушбу расм эътиборимни тортгани учун ҳам тақдим этиб кетмасам бўлмайди.
Гарчи кулгили туйилса-да, бу ҳолат бизга бегона эмас-ку! Жамиятимизда такрор-такрор рўй бераётгани сир эмас-ку?! Суд раиси кўчат экишга экибди-ю, қолган парваришлари-чи?
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Конституциясидаги 18-моддасини эътибор қаратиб ўтсак, ўринли бўларди. «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт.» Ушбу қонун бугун тўлақонли амал қиляпдими? Қани бу ерда тенглик? Агар ободонлаштириш ходимларининг ҳар битта эккан кўчатини ОАВда ёритилса, улар оламга машҳур бўлиб кетмасмиди?
Ҳаттоки, Фарғонада кўчат ўқитувчилар ҳисобидан сотиб олинаётгани ҳақида айтилмоқда. Ойлик кутиб яшайдиган инсонлардан бу нарсани талаб қилиш ўринлими аслида?
Хулосага келсак, ушбу муаммо барча учун яққол кўриниб тургани аниқ. Шу кунгача кўп йиллик дарахтлар кесилганида жим қараб турганлар ҳам кўчат экиб, кўз-кўз қилмоқда. Катта аниқлик билан айтаманки, бу чора-тадбирлар Президент илгари сурмасдан олдин амалга оширилиши керак эди. Сиз-чи, нима дейсиз?
Лайло Эсанмуродова