Хитой фуқаросига ҳужум қилган 6 нафар Ўзбекистонлик мигрантларга суд ҳукми ўқилди

Россиянинг Новосибирск шаҳрида Хитой фуқаросига ҳужум қилган олти нафар ўзбекистонлик мигрантларга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда “Коммерсант” маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Новосибирск суди хитойликка ҳужум қилган олти нафар Ўзбекистон фуқаросини Жиноят кодексининг 162-моддаси 4-қисми ва 105-моддаси 2-қисми билан айбли деб топган.

Суд қарори билан беш нафар ўзбекистонликка 8 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Қотиллик айблови қўйилган олтинчи эркакка 16 йил қамоқ жазоси тайинланган. Жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ тайинланган.

Тергов маълумотларига кўра, айбдорлар 24 июл куни иссиқхона ҳудудида икки нафар Хитой фуқаросига ҳужум қилган ва уларга 1,3 млн рубл зарар етказган. Кейинроқ, 29 август куни қонунбузарлар Хитойнинг олти нафар фуқаросига ҳужум қилиб, 400 минг рубл зарар етказган. Бундан ташқари, хитойликлардан бири вафот этган.