Лўлидан ботир чиқса…

Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари АЖ маълумотига кўра, вилоятининг 10 та ҳудудида ҳар куни электр таъминотида чекловлар жорий қилинди.

Қайд этилишича, бугундан Қашқадарё вилоятининг Ғузор, Деҳқонобод, Қамаши, Чироқчи, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Китоб, Нишон, Муборак туманлари ва Шаҳрисабз шаҳри учун Ўзбекистон миллий электр тармоқлари АЖ томонидан соат 17:18 дан электр таъминотида чекловлар жорий этилади.

 “Шу электр муаммосини ҳал қилиб беринглар. Алоқа ҳам узилиб қоляпди. Ўзларингиз ҳам биласизлар, қиш-қировли кунларда электрсиз ҳаёт бутунлай тўхтаб қолади. Қаерга мурожаат қилишни билмасдан сизларга ёзяпмиз”, — дея хабар қилди мурожаатчиларимиздан бири.

Ўзбекистон республикаси энергетика вазирлиги 27 майда ўтказилган бажарилган ишлар юзасидан жамоатчилик эшитувида “йил якунига қадар электр энергетика соҳасида генерация қувватлари ҳажми 14 минг мегаваттдан 15 минг 800 мегаваттгача етказилади ёки 1 минг 800 мегаваттга оширилади. 2016 йилга нисбатан эса 52 фоизга кўп генерация қувватларига эга бўлинади”, дея ваъда берган эди.

Ушбу чора-тадбирларни амалга оширилиши эвазига октябрь-март ойларида истеъмолчиларга жами 30 миллиард 800 миллион киловатт-соат электр энергияси етказилиши ҳақида айтиб ўтилганди. Шунингдек, бу ўтган йилги мавсумга нисбатан 2 миллиард киловатт-соатга ёки 107 фоизга кўп эканлиги ҳақидаги баландпарвоз гаплар айтилган эди.

Ваъдалар эсдан чиқиб қолмадимикан?

Ogoh.uz Қашқадарё вилоятидаги аҳоли вакилларига қўнғироқ қилиб ҳолат бўйича ўрганиш олиб борди. Аҳоли вакиллариниг сўзларига кўра, вилоятнинг аксар туманларида ҳар 4-5 соатда бир соат давомида электр энергияси берилмоқда.

Беихтиёр қизиқ бир савол туғилади. Вилоятнинг бир туманида туғилиб ўсган, шу ер ҳавосидан нафас олиб улғайган инсон ҳоким бўлган ҳудудда нега бу каби чекловлар юзага келди? Ахир, ҳоким сифатида эмас, инсон сифатида Муроджон Азимов яқинлари ва вилоятдошлари юзига қандай қарай олади?

Президентимиз ушбу шахсга ишонч билдирар экан, наҳотки вилоятнинг мавқейини кўтаришга эмас, балки, нуфузини тушириб юборишига эътибор қилмадилармикан?

“Лўлидан ботир чиқса, ўз элини чопади” ёки “Ўзингники ўзагингни кесади” деганлари, наҳотки, бу ерда ўз исботини топмоқда. Зойир Мирзаев ҳокимлиги даврида бу каби чекловлар мавжуд эмасди, электр муаммоси ҳам бунчалик даражада кам берилмас эди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, оддий халққа нисбатан бу бир адолатсизлик эмасми? Ҳали совуқ кунлар ўз ҳукмини ўтказмасидан туриб, чекловлар ўрнатиш учун инсон қанчалик тошюрак бўлиши керак?

Муроджон Азимов вилоятга раҳбар бўлиб келганида суюнган халқнинг кўнглини бунчалик ўкситманг, азиз раҳбарлар. Халқнинг ишончини поймол қилманглар. Ҳурматли президентимиз “Ҳаммаси инсон қадри учун”, деган сўзлар замирида ёмон таасуротлар уйғотишга мажбур қилманг!!!