Ўзбекистон шахмат федерацияси асосчиларидан бири вафот этди

Ўзбек шахмати оғир жудоликка учради. Ўзбекистон шахмат федерацияси асосчиларидан бири, шахмат жонкуяри, ёшларнинг севимли устози Иркабаев Аҳмаджон 73 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги маълум қилди.

Аҳмаджон Иркабаев 1948-йилнинг 1-августида Қўқон шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, Тошкент политехника институти, Москва автомобил йўллари институти ҳамда Россия Ички ишлар вазирлиги академияларида таҳсил олган.

Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида бошлаб, кейинчалик Тошкент шаҳар давлат автомобил инспекцияси ва Ички ишлар вазирлиги давлат автомобил назорати инспекциясида масъул лавозимларда ишлаган.

А.Иркабаев 1990-1996-йилларда Ўзбекистон шахмат федерацияси президенти сифатида юртимизда ушбу ақл-идрок спорти ривожига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган.

У шахмат бўйича уч карра фахрийлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони ҳамда кўплаб ёш ва иқтидорли шахматчиларнинг устози саналади.

Марҳумнинг жанозаси бугун, 23-ноябр куни пешин намозидан кейин пойтахтимиздаги “Минор” жомъэ масжидида бўлиб ўтади, дейилади вазирлик хабарида.

21 ноябр куни Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров вафоти ҳақида хабар берган эдик.