Тошкентда 23 ноябр куни Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия раиси Танзила Норбоева, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Саида Мирзиёева, БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Матилда Димовска, шунингдек, сенатор ва депутатлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлар билан бўлиб ўтган учрашувда Сенат Раиси Т. Норбоева 25 ноябрдан бошлаб мамлакатимизда «Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз» шиори остида «Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар» компаниясини бошлашни эълон қилди.
Бу йил 30 йиллигини нишонлаётган хотин-қизларга нисбатан зўравонлинликка қарши ушбу глобал компания жаҳоннинг 187 та мамлакатимизда ўтказилиб, 6 мингдан зиёд ташкилотлар ҳамда 300 млн кишини қамраб олган.
Хабарда айтилишича, барча манфаатдор идоралар гендер асосидаги зўравонликка қарши курашни такомиллаштириш, таъсирчан усулларни жорий этиш, бу борада соҳа мутахассисларининг салоҳиятини ошириш, хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажариш учун самарали ҳамкорликка чақирмоқчи эканлиги айтиб ўтилди. Катта бонг уриш билан таъкидланган ушбу хабарлар амалга ошадими, натижага эришиладими, йўқми билмаймиз-у, ҳар ҳолда яхши ният билан ўзимизни ишонтириб турганимиз маъқул.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳали ҳам аёлларга бўлган тазйиқ давом этмоқда.
Қашқадарё вилояти прокуратурасининг маълум қилишича, Яккабоғ тумани «Уйғур» маҳалласида яшовчи Г.Х ўзаро жанжал оқибатида маст ҳолатда бўлган турмуш ўртоғи томонидан ўлдирилган. Мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил 22 октябр куни Яккабоғ туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97 моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши бўйича айбланувчига Жиноят кодексининг 97 моддаси билан айб эълон қилиниб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Жиноят иши юзасидан Яккабоғ туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиноят жазосиз қолмаслиги тайин. Лекин бу ерда бошқа нарса инсонни ўйлантиради. Бу оиланинг фарзандлари борми, йўқми, аниқ маълумотга эга эмасман-у, агар бор бўлган тақдирда ҳам ота қамоқда, она қабрда бўлса, улар ким бўлиб улғаяди, келажаги қандай бўлади? Одатда, кўпчилик хотин-қизлар бегона инсонлардан қўрқишарди, ҳозир эса турмуш ўртоғи томонидан содир этилган вахший жиноятга нима ҳам дейиш мумкин?
Хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатлари, гендер тенгликни таъминлаш, оила ва оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, меҳнат ва турмуш шароитларни яхшилаш борасида режага киритилган ёки бажарилмоқда, деган гапларни жуда кўп эшитганмиз. Энди катта интиқлик билан 25 ноябр санасини «Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар» компанияси ўз ишини бошлашини кутиб турибмиз. Умид қиламизки, Сенат Раиси томонидан айтилган ушбу режалар ижтимоий тармоқларда тарқалган чироқ ўчиши масаласига ўхшаш норозигарчиликдан ҳоли бўлади.
Лайло Эсанмуродова