Янги йилни янги вирус билан қарши оламиз…(ми?)

Ривожланган мамлакатларда коронавирусга қарши эмлаш тобора жадаллашиб борар экан,  бир савол кун тартибига чиқаяпти. Бундан кейин нима бўлади?  Дунё нормал ҳаётга қайтадими, ёки коронавируснинг янги штаммлари пайдо бўлаверадими? Чет элликлар шу каби саволлар билан эртанги кунига қайғураётган бир пайтда кўчага чиқиб, бир қаранг: одамларимиз нақадар хотиржам. Кимдир бугун ишдан вақтлироқ чиққан, сабаби эртага жиянига тўй. Акаси азамат одам-да, нақ беш юз кишига дастурхон ёзаяпти.  Вирусчи дейсизми? Тўйхонадаги ноз-неъматлар-у ҳашамдан боши айланиб жимгина кетар…

Халқлар дўстлиги саройи олдида ҳам одам гавжум, эртанги консерт учун чипта сотиляпти. Хойнаҳой, ҳозир ҳам зал одамдан лиқ тўла бўлса керак. Вирусми? Вирус халқ артистининг хонишларидан сел бўлади-ю, жойидан тура олмай қолади, шунақа…

Автобус, метро… Менимча, одам кўплигидан оралиқ масофа, корона бу ерларга сиғмай, қочиб қолади шекилли?!

Ниқоб  таққан кишилар ҳам амалдорлар орасидан инсофлиси чиққани каби ора-орада учраб туради.  Менимча улар ҳали ҳам “коронавирус_инфо”ни кузатса керак. Ҳар кунлик касалланаётганлар ва ўлимлар сонини эшитиб, бироз эҳтиёткордирлар эҳтимол.

Маълум қилинишича,  кеча юртимизда 230 нафардан зиёд кишида касаллик аниқланиб, яна икки киши вафот этди. 2021-йил 27-ноябр ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирус инфексияси қайд этилганлар сони 192831 нафарни, ўлимлар сони эса 1397 нафарни ташкил қилаяпти. Келинг, биз ҳам озроқ бошимизни қотирайлик-да, юқоридаги саволга юзланайлик. Дунё яна нормал ҳаётга қайтадими?

   Мутахассислар фикрича, кенг кўламли эмлаш компанияси одатий ҳаётга нисбатан эртароқ қайтишга умид беради. (айниқса, АҚШда бу жараён тез суръатлар билан олоб борилмоқда) Бироқ бу йўлда кўплаб тўсиқлар бор: ваксиналарнинг аҳолига нотекис етиб бориши, эмланишдан қатъий бош тортиш, вируснинг янги вариантлари. Ваксинация билан боғлиқ энг ёмон вазият қашшоқ мамлакатларда. Бу мамлакат инсонлари эмланмас экан, вируснинг дунё бўйлаб тарқалиши олдини олиб бўлмайди. Статистикаларга қарасак ҳам,  бутун жаҳон миқёсида эмланганлар жуда кам. Фақат  эмланганлар кўп бўлган шароитдагина вирус ўлим хавфини юзага келтирмайди ва Ковид-19 мавсумий шамоллашга ўхшаш касалликка айланади.Албатта, умумий иммунитет пасайиши, антитаначалар вақт ўтиши билан табиий камайиши ёки вируснинг янги мутациялари туфайли баъзида эмланган одамлар ҳам касал бўлиб қолади. Бироқ оғир касалликларнинг кенг миқёсли тарқалиши олдини олиш мумкин.

Хўш, Ўзбекистондачи, бу жараён қандай кечяпти? Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича,  айни кунгача мамлакатимизда жами 33 407 074 доза ваксинадан фойдаланилди. Улардан:1-босқич эмланганлар 17 378 302 нафарни,2-босқичда эмланганлар 10 581 810 нафарни,3-босқич эмланганлар 5 446 962 нафарни ташкил қилади. Фақат бир савол мени қийнаяпти, контрактига 10% чегирма олиш учун, 3-дозани олишга улгурмай, таниши орқали  тўлиқ эмланмай сертификат олган дугонам бу рўйхатга кирадими, ёки йўқ?

Биринчи савол атрофида мушоҳадалар юритиб кўрдик. Энди навбат иккинчисига. Коронавируснинг янги штаммлари пайдо бўлишда давом этаверадими?

Коронавируснинг юқумли “Делта” штамми деярли барча мамлакатларга кириб бориб, аста-секин у ерлардан вируснинг хавфсизроқ штаммларини чиқариб ташлагани, ва энг ёқимсизи бу штамм касалликни бошдан кечирган ёки COVID-19га қарши тўлиқ эмланганларга ҳам юққанидан хабарингиз бор. Бугунга келиб эса Жанубий Африкада аниқланган “омикрон” ЖССТ томонидан “хавотирли вариант” деб эълон қилинди.Бу штамнинг тезликда тарқалаётгани ва мавжуд ваксиналар унга қарши самарасиз бўлиши мумкинлиги билан изоҳланган. Маълумотларга қараганда, ҳозиргача вариантнинг қайд этилганлар сони 100 тага  етиб,Белгия,Ботсвана,Исроил,Жанубий Африка, Гонконг (Хитой) давлатларида қайд этилаяпти. Африкада коронавируснинг янги штамми қайд этилгани муносабати билан ана шу қитъадаги айрим давлатлар билан борди-келдида, Россия, Германия, Исроил, Буюк Британия, Сингапур, Баҳрайн, Италия, Нидерландия, Марокаш, Франсия, Чехия, Австрия, Малайзия, Саудия Арабистони, Швейсария, Туркия, Канада, АҚШ, БАА, Миср, Аргентина, Бразилия, Австралия мамлакатлари аэропортларида чекловлар қабул қилинаяпти.

Бизчи, биз қандай чоралар кўрамиз, ҳурматли Соғлиқни сақлаш вазирлиги?! Охирги нуқтага боргунча жим турамизми, ёки “Омикронни” янги йил байрамида отиладиган салютлар билан бирга осмонга учириб юборамизми?

Шаҳруза Сатторова