“Георгий” лентасининг ўзбек тарихи ва қадриятига нима алоқаси бор?

Ҳар йили 9 май санаси келиши билан “Георгий лентаси” билан боғлиқ тортишувли ва бироз мавҳум масалалар кўтарила бошлайди. Кимлардир ушбу лентани ватан озодлиги йўлида ҳалок билан ота-боболаримизнинг шараф белгиси деб ҳисобласа, яна кимлардир бу лентанининг миллий тарихимиз ва қадриятларимизга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлайди ва рус босқинчилигининг белгиси сифатида қарайди. Хўш, “Георгий лентаси”нинг асл маъноси қандай ва у кимнинг хизматлар учун шараф вазифасини ўтайди?  Ҳанузгача Россия ҳукуматининг бу лентани Марказий Осиё бўйлаб тарғиб қилишидан мақсад нима?

Босқинчилик ордени

Тарихдан маълумки, Россия императори Екатерина II 1769 йилнинг 26 ноябрида рус-турк уруши даврида авлиё Георгий ордени ва тасмасини жорий этади. Орден ва тасма билан илк бор шу урушда рус қўшинлари олиб борган босқинчилик жангларидаги қирғин-баротда қаҳрамонлик, шафқатсизлик намуналарини кўрсатган рус армияси зобитларини мукофотлаш мақсадида таъсис этган. Шундан бошлаб уч қора ва икки сариқ рангдаги йўл чизиқлари бўлган тасма «Георгиевская лента» номи билан юритила бошланди.

Тасмадаги қора ранг Россияда императорлик ва давлат рамзи бўлган икки бошли қора бургутни англатса, сариқ ранг рус давлати герби рамзидир.

Мустамлака Туркистон учун

Бу одат чор Россиясининг Туркистон ўлкасига босқинчилик юришлари даврида бошқача маъно касб этди. Хива хонлиги, Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлигини босиб олган рус зобитлари ва генераллари учун махсус – “Қўқон хонлигини забт этгани учун”, “Марказий Осиёга юриши учун”, “Хива хонлигига юриши учун” каби медаллар таъсис этилди.

Медаль ва уни безаб турган “Георгий лентаси” мардлик ва жасорат кўрсатилгани учун эмас, аксинча айнан босқинчилик қилгани, бизнинг уйимизни, Она Ватанимизни вайронага айлантиргани учун мустамлакачи чор Россиясининг ҳарбийларига берилган эди.

XIX асрнинг 50 йилларига келиб бутун дунё Иккинчи жаҳон уруши оқибатларини бошидан ўтказаётган бир пайтда эски мафкура рамзи бўлган “Георгий лентаси” чор Россияси давридаги мустамлакачилик ва босқинчилик юришларининг муваффақиятига ишора сифатида қайта тикланди.

Рус тарғиботи

Россия Федерацияси ҳудудида рангли боғич Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабани ифодалайдиган рамзий белги сифатида қабул қилинган.  Бугун унга Россиянинг миллий қадриятлари асосида таъсис этилган давлат белгиси сифатида қаралади.  Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб лента тарғибот қилиниб, русларнинг мафкуравий пропагандаси амалга оширилади.

Ўз ўзидан маълумки, бу қора-сарғиш ленталар Иккинчи Жаҳон урушига ва айниқса, бизнинг қадим урф-одатларимизга, миллий анъаналаримизга мутлақо алоқаси йўқ.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Бош вазир Абдулла Арипов раислигида видеоселектор бўлиб ўтди. Ўтказилган селекторда бош вазир Георгий лентаси оммалашиб бораётганини танқид қилиб, Георгий лентасининг ўрнига миллий лентани тарғиб қилиш вазифасини ижрога қаратган эди.