Айб фақат фуқароларда эмас, мантиқсиз қонунларга ҳам бир қараб қўяйлик

Ички ишлар органлари ходимларининг устига машинасини ҳайдаган чироқчилик фуқаро ҳақида ЙҲХББ эълон қилган видеодан маълум бўладики, 23 ёшли ҳайдовчи ўз Ласеттисининг олд ён ойналари рухсатсиз тонировка қилингани учун қўрққанидан эшикларини ёпиб олган ва кейин одамларнинг гижгижлаши сабаб машинани ходимлар устига ҳайдаган.

Ҳа, шубҳасиз йигит 2 карра қонунни бузди. Ҳам рухсатсиз тонировка, ҳам ҳокимият вакилига бўйсунмаслик. Бошқаларга дарс бўлиши учун ҳам жазога тортилиши деярли аниқ. Биз ҳам бу каби ҳолатларни қоралаймиз ва фуқаролардан қонунга итоаткорликни, одамлар ҳаётига бу каби хавф солмасликни, ҳокимият ва орган вакилларининг қонуний талабларига риоя қилишни сўраб қоламиз (масалан, АҚШда агар ҳайдовчи полиция устига машина ҳайдаганда, огоҳлантирмасдан ўққа тутишган бўларди, яхшиям бизда унақамас).

Аммо келинг, оқибатлар ҳақида эмас, сабаблар ҳақида гаплашиб кўрамиз.

Хўш, ўша Ласетти ҳайдовчиси нега бунчалик қўрқиб кетди? Масалан, оддий камар тақмаганида ёки суғуртаси бўлмаганда бунчаликка бормасдику, тўғрими?

Жавоб: чунки Ўзбекистонда рухсатсиз тонировка ўрнатганларга ўта юқори жарима қўлланади. Ҳатто қизил чироқда ўтган ёки 70 км/соат белгиланган жойда 180 тезликда юрган қоидабузарларга ҳам бунчалик жазо йўқ.

Энди ўзингиз ўйланг, жамият учун қайси бири кўпроқ хавф келтиради? Тонировка шунчалик катта хавф экан, унда нега пул тўласа мумкин? Пул тўлаганлар жамият учун хавфсизу, лекин тўламаганлар учига чиққан муттаҳамми?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда йўл ҳаракати қоидаларига оид фақат 2 тагина қилмиш учун энг юқори 40 «минимал», яъни 10 млн 800 минг сўм жарима белгиланган. Бундан катта жарима йўқ. Булар:

1) транспортни бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс маст ҳолда машина ҳайдаса;

2) тонировкани такроран рухсатсиз ўрнатса.

Илк марта рухсатсиз тонировка билан тушса 6 млн 750 минг сўм жарима қўлланади, бу маст ҳолда машина ҳайдаганнинг жаримаси билан бир хил.

 Шу ўринда бошқа савол ҳам туғилади. Хўп, бу қулоқсиз ва маданиятсиз ҳайдовчилар тонировкани тегишли рухсат билан ўрнатса бўлмайдими? Нега улар тонировка учун қонунни бузади? Қонунларга ҳурмат қани?

Яхши ва мантиқли савол, албатта. Келинг, энди шу жойда яна оқибат ҳақида эмас, сабаблар ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрамиз.

Нега ҳайдовчилар тонировкани рухсатсиз ўрнатади?

Жавоб: чунки тонировка нархи мантиқсиз даражада ўта қиммат.

Масалан, ўша чироқчилик йигит Ласеттисининг олд ён ойнасини тонировка қилиш учун нақ 13 млн 500 минг сўм тўлаши керак эди. Орқа ён ойналар учун эса 1 млн 350 минг сўм.

Оддий соя учун бунчалар баланд нарх белгилагандан кейин, аксарият ҳайдовчилар рухсатсиз ўрнатишга ҳаракат қилиши табиий. Майли, кимдир зарурият учун, кимдир мақтаниш учун қилар, аммо факт шуки, мантиқсиз қонунларнинг ўзи фуқароларни қоида бузишга провокация қилади. Масалан, солиқлар қанчалик баланд бўлса, ҳамма солиқдан қочиб, яширин бозорга ўтиб кетганидек.

Энди сизда бошқа савол туғилиши мумкин. Хўш, нима учун ўзи нарх ва жарима бунчалар баланд ҳамда ҳалигача пасайтирилмаяпти?

Оҳ, бу ҳам жуда бир жойида берилган ўринли савол бўлди. раҳмат сизга. Келинг, яна оқибатларни эмас, сабабларни кўриб чиқамиз.

Нима учун ҳалигача тонировка ўрнатиш нархи ва жаримаси камайтирилмаяпти?

Жавоб: чунки бундан Ички ишлар вазирлиги манфаатдор, улар ҳар йили бир неча юз миллиард сўм бундан даромад олади. Шу сабабли ҳалигача нарх ва жаримани тушириш варианти кўриб чиқилмаяпти. Аввал ҳам бу ҳақида ёзган эдим. Ушбу пулларнинг бир тийини ҳам республика бюджетига ўтказилмайди, бунинг барчаси ИИВнинг махсус жамғармасига бориб тушади.

2019 йил августдан 2020 йил якунига қадар Ички ишлар вазирлигига тонировка ўрнатишдан жами 302 млрд 635 млн сўм (салкам 29 млн доллар) пул тушган. 2021 йилда бу рақам янада катталашгани аниқ.

Хўш, йўқ жойдан шунча пул тушиб турса, ким ҳам бунақа тилла тухум туғадиган ғозни бериб қўйгиси келарди?

Кўряпсизми, барчаси бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Айб фақат фуқароларда эмас, мантиқсиз қонунларга ҳам бир қараб қўяйлик. ИМҲО

Хушнудбек Худойбердиев