Куни кеча сайтимизда «Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов нега ОАВдан узоқда» сарлавҳаси остида мақола эълон қилган эдик. Ушбу мақолага ИИВ Ахборот хизмати раҳбари Шохрух Ғиёсов раддия берди.
«Ogoh.uz интернет сайтида эълон қилинган мақола юзасидан раддия.
Электрон оммавий ахборот воситасининг давлат органларини очиқлиги масаласига эътибор қаратаётгани таҳсинга сазовор, албатта.
Лекин, шу билан бирга ахборотни тарқатишдан олдин уни текшириш ва холислигига ишонч холис қилиш журналист ва оммавий ахборот воситаларининг тўғридан-тўғри мажбурияти эканлигини эслатиб ўтмоқчимиз.
Умуман олганда мақолада келтирилган важлар, бирор таҳлилга асосланмаган ҳолда юзаки таxминларга таяниб ёзилган. Масалан, мақолада “Расмий давраларни ҳисобга олмаса, деярли жамоатчилик билан «гаплашмайди»” — деган жумла эса, назаримизда мутлақо ўринсиз.
Келинг, масалага ойдинлик киритамиз, жорий йилнинг ўзида Ички ишлар вазирининг матбуотда: “Янги Ўзбекистон” газетасида 2 та интервьюси (19.08.2021, 23.10.2021), “Ўзбекистон овози” газетасида 1 та таҳлилий мақоласи (21.04.2021), “Поста-На посту” газетасида 1та ёшларга мурожаати (16.11.2021), “Даракчи” газетасида 1 та таҳлилий интервьюси (27.08.2021), хорижда Қозоғистон, Жанубий Корея, БАА, Туркия матбуотида жами 5 та мақоласи чоп этилган. Шу билан бирга вазирнинг 2021 йил 11 октябрда МДҲ давлатлари Ички ишлар вазирларининг кенгашида сўзлаган нутқи ва ҳамкорликка оид таклифлари 9 та МДҲ давлатларининг матбуотида ҳамда халқаро ташкилотнинг расмий сахифаларида ёритилган.
Бундан ташқари, жорий йилда Ички ишлар вазирининг иштирокида 2 та матбуот-анжумани (19.08.2021, 24.10.2021) ташкил этилган. ОАВ, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фаолларининг кўплаб саволларига жавоб берилган.
Ички ишлар вазирининг жамоатчилик олдида ҳисобдорлигини ижроси юзасидан жорий йилнинг июль ва октябрь ойларида жамоатчилик, ОАВ ва сенатор ва депутатлар иштирокида ИИО фаолияти ҳақида ҳисобот берилган.
Фуқароларнинг мурожаатлари ва муаммоларининг ечими мақсадида жорий йилнинг ўзида Ички ишлар вазирининг 4 та сайёр ва 12 та шахсий қабули ўтказилган бўлиб, барчасида жамоатчилик вакиллари иштирок этишган.
Қўшимча равишда, эътибор қаратмоқчимизки, “Маҳаллий янгиликлар” интернет сайти томонидан ўтказилган аноним сўров натижасига кўра 10.200 нафар фуқаролардан 40% Ички ишлар вазирини халқ ишончини оқлаб келаётган давлат органи раҳбари сифатида эътироф этишган.
Алоҳида таъкидлаймизки, Миллий қидирув тизими рейтинги бўйича ИИВ расмий саҳифаси фойдаланувчилари сонига кўра давлат органлари ўртасида доимий равишда биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. ИИВнинг You Tobe ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасидаги фойдаланувчилари сони бўйича эса МДҲ давлатлари ички ишлар ва полиция органлари ўртасида биринчи ўринни эгаллайди», дейилади хабарда.
Шунингдек, Ш. Ғиёсов ОАВ ва жамоатчилик билан ҳамкорликка ҳамда конструктив танқидга доим тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди.