Матбуот расман эмас, фақат қоғозлардагина эмас, реал ҳаётда бошқа учта ҳокимият билан бўйлаша оладиган чинакам тўртинчи ҳокимият бўла олишига ишончни оммада шакллантириш учун нима қилмоқ керак?
Матбуот, оммавий ахборот воситалари Конституциямизни жиддий ўқиган ва тафаккур қилган инсон учун ҳаққоний тўртинчи ҳокимиятдир. Биласиз, шундай касблар борки, юз минглаб, миллионлаб инсонлар у билан шуғулланади, лекин уларнинг касб-кори Конституцияда тилга олинмаган. Конституцияда Президент ва Вазирлар Маҳкамаси, Суд ва куч ишлатар тизимлари ҳамда Оммавий ахборот воситалари алоҳида институтлар тарзида тилга олинган. Оммавий ахборот воситаларига алоҳида боб бағишланган. Нари борса, мингта атрофида ОАВ бўлса ва уларда беш-ўнтадан одам ишласа, беш ё ўн минг кишининг фаолияти Конституцияга кирган. Иккинчи томондан, журналистика худди шифокорлик ва муаллимлик каби ижтимоий касбдир, адолат ва ҳақиқат унинг ўзаги бўлиши шартлигидан келиб чиқиб, унга Конституциявий институт мақоми берилган.
Янги Ўзбекистондаги янги ислоҳотлар даврида оммавий ахборот воситалари яна ўз вазифасини ҳалол бажаришга тараддудланмоқда. «Тўртинчи ҳокимият» истилоҳига келсак, уч ҳокимият нима қилади: қонун чиқарувчи ҳокимият — давлат ва жамият фаолиятига асос бўладиган қонунларни ишлаб чиқади ва қабул қилади, ижро ҳокимияти ва халқ шу қонунлар асосида ишлайди, яшайди ва фаолият юритади, суд ҳокимияти давлат мансабдорлари ва халқнинг қонунларни бузган ҳолларига ҳакамлик қилади ва жазо беради. «Тўртинчи ҳокимият» — оммавий ахборот воситалари эса бу учта ҳокимият ва жамиятнинг ҳаётини шаффофлаштиради, уларнинг ўз вазифаларини амалга оширишларига кўмаклашади, камчиликларини ошкор қилади, муаммоларининг ечими сайловларда қатнашганда, тафаккур билан овоз бериши учун жамоатчилик фикрини шакллантиради. Матбуотнинг ҳокимияти — халқ фикрига таъсир ўтказа олиш кучидадир.
ОАВнинг тўртинчи ҳокимиятга айланиши қатор омилларга боғлиқ.
Энг аввало, сиёсий ирода керак. Бу ирода давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан айтилмоқда ва қайта-қайта даъват этилмоқда.
Иккинчидан, ОАВга оид қонунлар такомиллашуви лозим. Масалан, туҳмат ва ҳақорат деган жиноятларни ғайрикриминаллаштириш таклифи амалга ошиши керак. Бу қонунбузарликларнинг маъмурий ва фуқаролик кодексларида бўлиши етарлидир. Сўз учун, фикр учун қамоқ жазоси бўлиши мамлакатда фикр эркинлигига ҳеч қачон йўл бермайди. Бирор бир тараққий қилган, маданий халқда ва давлатда бундай модда мавжуд эмас, у фақат авторитар ва тоталитар давлатларда қолган. Уни мансабдорлар танқиддан қўрққани учун ушлаб туради ва халққа эса шундай дейди: «Наҳотки, сизга газетада ёки интернетда туҳмат ё ҳақорат қилишса ва жазосиз қолса?!» Аввало, жазосиз қолмайди — маъмурий ва фуқаролик кодексларига кўра жазоланади, жарима тўлайди, ОАВ ёпилиши мумкин, қолаверса, ОАВ қонунчилигига кўра ёлғон маълумотлар раддия қилинади ва фикрларга жавоб бера олади. Фақат сўз учун қамоқ жазоси бўлмайди, холос. Агар бир журналист сўзи учун қамалар экан, қолган минглаб журналистлар танқиддан тийилади, жим ўтиришни ёки мақташни афзал кўради. Мақтов эса «тиз чўкиб қилинадиган қароқчиликдир».
Учинчидан, ОАВ менежменти бозор иқтисоди шароитига ўтиши керак. Қонунчиликка кўра, исталган соҳага сармоя кирита оласиз, лекин ОАВ соҳасида чегара бор, низом жамғармасида хориж сармояси 30 фоиздан ошмаслиги керак, бевосита бирор матбуот хориждан маблағ жалб эта олмайди, аввал «умумий ўра»га — Фондга тушиши керак ва у кимга беришни ҳал қилади. Сармоядор эса муайян, аниқ лойиҳага пул беради. Кўряпсизки, матбуот соҳаси бозор иқтисодининг рақобат шароитига кира олмайди. Тушунаман, бу чекловлар орқали жамоатчилик фикрига хориж таъсир ўтказмасин, дейилгандир балки. Бироқ жамиятда адолат ҳукм сурса, нимадан қўрқамиз?!
Тўртинчидан, айнан халқнинг ошкора фикрлаши ва онгли қарорлар қабул қилиши – ҳақиқий барқарорлик ва хавфсизликнинг асосидир. Онгсиз оломон – хавфсизликнинг душманидир.
Журналист Карим БАҲРИЕВ