Андижон вилоят ҳокимлиги «1ХБет” — онлайн қимор ўйинлари рекламаси билан шуғулланмоқдами?

Инстаграмда Андижон шаҳрида спортнинг( бу жанг турини спорт деб ҳисобламайман)ММА йўналишида «Андижон вилояти ҳокими» кубоги ўтказилаётгани ҳақида хабар қўйилибди.

Бу чемпионат(муштлашиш) Муродов лигаси (ММА жанг устаси Маҳмуд Муродов ташкиллаган шекилли) доирасида ўтказилиши назарда тутилган.

Тушунмай қолдим. Биз онлайн қиморларни таъқиқламоқчимизми, ёки уни тарғиб қилиб, реклама қилмоқчимизми?
Асосий томошабинлари ёшлар бўлган томошада онлайн қиморни тарғиб қилишда мақсад нима?
Уларни ёппасига шу ўйинларни ўйнашга йўналтиришми?
Томонни аниқ қилиб олайлик, ўртоқлар.

Аввалроқ(2 йилча аввал) марҳум Мурод Хонтўраев Чилонзорда метро бекати ёнида гиёҳванд моддалар сотаётган дори сотувчиларни самасуд қилгани ҳақидаги хабар тарқаганди. Яъни кўча тилида бундай ишлар “западло” эди. Энди қарашлар, мезонлар ўзгардими?

Бутун бошли вилоят ҳокимлиги кубогига ҳомийликка «1ХБет” онлайн қимор платформасидан бошқа ҳеч ким топилмадими?
Ҳокимлик ҳам, Маҳмуд Муродов ҳам бу платформани тарғиб қилишдан уялишмадимикан?


Қанча оилани ёстиғи қуришига восита, сабабчи бўлаётган платформани тарғиб қилишда мақсад нима?
Ёки бу ўйин орқасида шунчалик катта, қудратли шахслар бормики, уни республика даражасида тарғиб қилишмоқда.

Кўп ММА жангчилари ўзларини тақводор сифатида кўрсатишади.
Наҳотки тақводор инсонларга қиморни реклама қилиш ноқулайлик туғдирмаётган бўлса?
Наҳотки диндор бўлмаган Роналдо соғлиқ учун зиёни бўлгани сабаб пиво реклама бўлмаслиги учун стол устида олиб қўйса ку, ўзларини доим диндор кўрсатган спортчилар уялмай онлайн қимор платформаси тарғиботида иштирок этсалар?

Шунингдек Президентни кичик куёви, Ўзбекистон ММА федерациясининг собиқ президенти Отабек Умаровга тегишли экани айтиладиган “Befit Pro” ва “Saber” брендлари ҳам тадбир ҳомийларидан бири экан, «1ХБет” онлайн қимор платформаси билан ёнма-ён қўйилибди.


О.Умаров ҳам ўзини яхши диндор сифатида кўрсатади, ўзини тутиши, атрофдагиларнинг у ҳақдаги гапларидан шундай фикрлаш мумкин. Қандай қилиб у бунга рухсат берди экан?

Умуман олганда, диний чегаралардан ташқарида туриб қараганда ҳам бундай ҳаракатни — вилоят ҳокимлиги ташкиллаган, асосан ёшлар ташрифи кутилган, ижтимоий тармоқлар ва телевидениеда кенг ёритиладиган тадбирда онлайн қимор платформасини тарғиб қилишни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди.

Маҳмудов лигаси тижорий лойиҳа бўлса керак, уларга саволим йўқ, агар онлайн қиморга юқоридаги айрим узоқни ўйламайдиган амалдорлар рухсат берган бўлса, бу ҳаракатни ноқонуний деб бўлмайди.
Лекин Отабек Умаров ва Андижон вилоят ҳокимлиги бунга қандай қилиб қўл уришди, тушунмадим ҳеч ҳам.

Умид қиламизки бу ҳолатга вилоят ҳокимлигини бирор изоҳи бор, беришса, эшитармиз.

Олимжон Ҳайдаров