Сурхондарё вилоятидаги савдо мажмуасида портлаш содир бўлган. Бу ҳақда ФВВ маълум қилди.
Аниқланишича, 2021 йил 7 декабр куни соат 03:57да Денов шаҳри Мустақиллик кўчасида жойлашган 2 қаватли “Инденим” савдо мажмуаси биносида чақнаш содир бўлган. Натижада савдо мажмуа биноси деворлари қулаб тушган.
Ёнғин-қутқарув бўлинмалари соат 04:02да воқеа жойига етиб бориб, чақнаш натижасида содир бўлган ёнғинни соат 04:25 да ўчирган.
Чақнаш натижасида 9 нафар фуқаро тан жароҳати олган бўлиб, улар шаҳар шифохонасига ётқизилган.
Шунингдек, ҳодиса жойига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигидаги Ҳукумат комиссияси сафарбар этилган. Ҳукумат комиссияси таркибига ИИВ, ФВВ, Миллий Гвардия, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идоралар вакиллари киритилган.
Хабарда айтилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.