Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенсияга мувофиқ, ҳар бир шахс 18 ёшга тўлгунга қадар бола деб эътироф этилади.
Мазкур конвенсиянинг 18-27-моддаларида: давлат томонидан боланинг ота-оналарига ва қонуний вакилларига ёрдам бериш, шунингдек, болаларга уларни тарбияловчи шахслар томонидан қўпол муомалада бўлиш, уларнинг таҳқирланишидан ҳимоя қилиш, оилавий муҳитдан маҳрум бўлган ёки асраб олинган, ақлий ёки жисмоний жиҳатдан заиф болаларни ҳимоя қилиш, болаларнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳуқуқлари, шунингдек, болаларнинг ижтимоий ривожланиши учун зарур бўлган турмуш даражаси тўғрисидаги нормалар белгилаб қўйилган. Бироқ бир қарашда бу ҳам катта бонг билан айтилиб, ҳавога учиб кетган ваъдалар қаторида бўлиб қолгандек.
Мисол учун, Тошкентда 15 ёшли мактаб ўқувчисига жисмоний тарбия ўқитувчиси ва унинг икки нафар шериги жинсий зўравонлик қилган. Суд ўқитувчини 4 йилга, унинг шерикларини эса 2 йилга озодликдан маҳрум этган. Аммо ўйлаб қарасангиз, катталар тили билан айтганда ҳали «10 гулидан бир гули очилмаган» қизнинг ҳаётини 3 нафар эркак барбод қиляпди-ю, шунга лойиқ жазо чораси ҳам қўлланмаяпти.
Аввал хабар берилганидек, жорий йилнинг 18 сентябр куни Тошкент метрополитенинг «Олмазор» бекатида 1989 йилда туғилиб, бир неча бор судланган фуқаро вояга етмаган қизга нисбатан беҳаё ҳаракатлар содир этган.
Умуман олганда вояга етмаган ёшларга беҳаё хатти-ҳаракатлар содир этиш ҳолатлари кескин кўпайиб бормоқда.
“Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунда белгиланишича, Ўзбекистонда 16 ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш ҳамда унга нисбатан зўрлик ишлатмай уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш ҳолатлари учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди.
Шунингдек ЖКнинг 85, 86-моддасига ўзгартиришлар киритилди, уларга мувофиқ жиноий жавобгарликка тортиладиган энг кичик ёш чегараси 13 ёшдан 14 ёшгача кўтарилди.
Нима бўлганда ҳам вояга етмаган ёшлар келажакнинг таянчи, миллатнинг умиди. Уларни нотўғри йўлга киришига аслида мана шундай жирканч ишлар содир этаётган катталар ёки бўлмасам уларнинг ҳаётига бееътибор бўлган ота-оналари сабабчи бўлиб қоляпди.
Ўйлаймизки, юқоридаги қонун тез орада ўзининг таъсирини кўрсатиб, мамлакатимизда соғлом ва юксак салоҳиятли фарзандлар камол топишига хизмат қилади.